Uncategorized

ВИЖДОН ТАРОЗИСИ

(Ёхуд ўқитувчининг орияти борасида мулоҳазалар)

Ўқитувчилик – шарафли касб. Унинг шарафи шундаки, жамиятни ҳаракатлантириб турувчи барча соҳалар ривожида одамлар уларнинг заҳматли меҳнатини кўришади. Бундай кўламли эътироф шу пайтга қадар бошқа бирор касб эгаларига насиб қилмаган, бундан кейин ҳам насиб қилиши даргумон. Чунки ҳар қандай касб эгаларини ўқитувчилар тарбиялайди, аммо ўқитувчиларни ўзидан бошқа ҳеч бир касб эгалари етиштириб бера олишмайди.

Ўқитувчилик – нозик касб. Унинг нозиклиги шундаки, бу касб эгаларига одамлар доимо намуна тимсоли сифатида қарайдилар. Дарҳақиқат, ўқитувчилик одамларга, ҳатто, уйқуси билан ҳам ибрат бўлиши лозим бўлган касбдир. Онг остида доим ўқитувчи эканлигини эслатиб турувчи “сигнал” ўқитувчини доим “форма”да юришига мажбур қилади. Бу касб ўз эгаларига ҳар бир иш ёки хатти-ҳаракатига нисбатан “МЕН ЎҚИТУВЧИМАН” деган муносабат билан ёндашишни талаб қилади. Ўқитувчи ўзи учун ресторанда ўйнаб-кулишни бир оз ноқулай, муомалада қўполлик қилишни номуносиб, спиртли ичимлик ичган ҳолда жамоат жойида юришни уят, жанжал ёки тўполон қилишни эса шармандалик, деб ҳисоблайди. Аслида бу каби иллатлар барча инсонларга бирдек номуносиб саналса-да, одамлар бу борада бошқа касб эгаларига қараганларида “ўнг кўзларини юмиб оладилар”. Бошқа касб эгаларига нисбатан одамлар бирмунча юмшоқ талаб билан қарашлари ҳақиқат, аммо ўқитувчиларга узоқ йиллар давомида топган ҳурматини йўқотишлари учун бир озгина чегарадан чиқишнинг ўзи кифоя қилади.

Ўқитувчилик – машаққатли касб. Унинг машаққати шунда-ки, бошқа касб эгаларининг иши ишхонасида қолади. Улар уйларига келгач, оиласи даврасида мириқиб ҳордиқ чиқаришади. Ўқитувчиларни эса касби доим ортидан “қувлаб юради”. Улар уйларига қайтишгач, ишнинг иккинчи қисми бошланади: эртанги дарс машғулотига тайёргарлик кўриш учун янги адабиётларни варақлайди, машғулотни янгича методлар асосида самарали ташкил қилишнинг режасини тузади, илмий тадқиқот иши билан шуғулланади, нуфузли хорижий журналлар ёки анжуманлар учун мақола тайёрлайди, ўқувчиларнинг (талабаларнинг) дафтари ёки ёзма ишларини текширади, ҳеч бўлмаганда, конспект ёзади. Уларнинг хаёли доим ўзлаштириши паст ўқувчиларни “кўтариш” ёки қобилиятли ўқувчиларнинг иқтидорини тўғри йўналтириш фикри билан банд. Шундан бўлса керак, ўқитувчи яшайдиган хонадоннинг чироқлари тонггача ўчмайди. Унинг деразасидан тушиб турган ўша хирагина нур, аслида, оламни зимистондан, одамларни жаҳолатдан, дунёни эса ҳалокатдан сақлаб турибди.

***

Юқорида ўқиганларингиз ўқитувчилик касбига юксакдан туриб қараганингизда кўринадиган чиройли манзара. Мен буни назарияга ўхшатаман. Аммо назариянинг амалиётга татбиқи масаласида, афсуски, бу чиройли манзара ортида нохуш кўринишлар ҳам учраб туради. Бугун шуларнинг биттасига тўхталмоқчимиз. У ҳам бўлса ўқитувчининг орияти масаласидир. Бу, баъзилар ўйлаганчалик, ўта жўн ҳодиса эмас, зеро, унинг ортида ўқитувчилик касбининг ҳурмати ва эътирофи, дарс машғулотининг сифати билан боғлиқ жуда жиддий масала ётибди. Биз буни қуйида кўриб чиқамиз.

***

Орият бу инсоннинг ноқулай вазиятга тушишига қарши турувчи ҳиссиёти, умумэътироф этган қадрият, анъана ва тушунчалар доирасида ўзига нисбатан ноҳақ “айблов”га қарши ички исёни, ўзи ва ўзлигига таҳдид солувчи ҳодисаларга нисбатан қарши турувчи ва кишини топталишлардан асровчи қалбидаги кучдир. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ёки “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”да “орият” сўзига бошқача таъриф берилган бўлиши эҳтимол, аммо мен айни дамда ориятни шундай тушунаман.

Жамиятда ўрнак ва намуна тимсоли бўлган ўқитувчилик касбида орият ҳисси ўта зарур ҳисобланади. Нафақат ўқитувчилар, балки барча инсонлар учун ушбу тушунчанинг қадр-қиммати доим баланд бўлиб келган. Ўқитувчилик касбига нисбатан юқоридаги назарий ёндашув билан қараганимизда эса улар учун бу тушунчанинг аҳамияти яна бир неча карра ортади. Ориятини сақлай олмаган ўқитувчилар мисқоллаб топган ҳурматини ботмонлаб йўқотадилар. Умуман, инсонлар учун ҳурмат ва обрў топишда ўсиш тезлиги арифметик прогрессиядан бир неча карра суст, уни йўқотишда эса пасайиш тезлиги геометрик прогрессиядан бир неча карра шиддатли кечади.

Назаримда, ориятсиз ўқитувчиларни орамизда кам дейиш ҳам, кўп дейиш ҳам нотўғри бўлади. Бизнингча, ҳар ҳолда шу иккаласининг ўртасида десак, ҳақиқатга яқин фикрни айтган бўламиз. Бундай ўқитувчиларни кўрган ёш ўқувчиларнинг дастлаб ўқитувчилик касби борасида шаклланган тушунчалари чалкашиб кетади. Чунки аксарият оилаларда ўқитувчига нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбия берилади. Шунинг учун ҳам ўқувчилар бундай ўқитувчиларни бошда тушуна олишмайди. Ўқувчиларнинг бундай ўқитувчиларни тушунишлари эса ўша ўқитувчининг ҳурмати ва обрўйининг чилпарчин бўлиши билан якун топади. Ҳурматини йўқотган ўқитувчининг дарс машғулотида яловбардорлик ва ташаббус энди ўқувчилар қўлига ўтиб кетади. Улар энди ҳурматини йўқотган ўқитувчининг дарсига ҳам, унинг дарс мавзуси борасидаги фикрларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўла олмайдилар. Бунинг оқибати эса “икки карра икки”дек аён.

Ўқитувчининг орияти аслида нима ва у қаерда бўй кўрсатади?

Бизнинг фикримизча, бу туйғу, даставвал, ўқитувчининг ўзига, қолаверса, касбига, дарси ва фикрларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилганда, билимига нисбатан шубҳа билан қаралганда юзага чиқади. Шу ўринда бир мулоҳаза: кейинги пайтларда “интерфаол методлар”га рўжу қўйиб ўқувчининг дарс машғулотидаги фаоллигига керагидан ортиқ берилиб кетдик, назаримда. Дарс машғулотида ўқувчининг фаоллиги яхши, аммо бундан ўқитувчининг ҳурмати, дарс машғулотининг сифати зиён кўрмаслиги керак. Кейинги пайтларда “Анъанавий таълимда дарс машғулоти ўқитувчининг фаоллиги ва етакчилигида ўтганлиги сабабли машғулотнинг самарадорлиги етарли даражада таъминланмаган”, деган мазмундаги фикрлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Билмадиму, аммо бу фикр, бизнинг назаримизда, бир оз мунозарали. Бизнинг фикримизча, дарс машғулотида ўқитувчининг фаоллиги ва ташаббускорлигининг юқори даражада бўлиши ўта лозимдир. Ўзини ҳурмат қилган ва билимли ўқитувчи машғулот пайтида фаолликни ҳам, ташаббусни ҳам, биринчиликни ҳам ўқувчига бериб қўймайди. Бундай ўқитувчилар аудиториядаги дарс машғулотига, фанга ёки ўқитувчига нисбатан зиғирча бўлсаям ҳурматсизликни, орият нуқтаи назаридан келиб чиқиб, эътиборсиз қолдирмайдилар. Унга нисбатан чоралар кўради. Бу эса ўқувчиларга кўпинча ёқмайди, албатта. Аммо ўқитувчининг айни хатти-ҳаракатини ўқувчининг “ташқи мен”и тан олмаса-да (чунки унинг ҳам орияти бор), “ички мени” тан олади, маъқуллайди. Бундай ўқитувчиларга нисбатан ҳурмат ўқувчининг онг остида шаклланади.

Орият, аслида, барча инсонларга хос фазилат. Аммо баъзи инсонларда субъектив сабабларга кўра, бу туйғу йўқола боради ёки бош кўтаришга ожиз бўлиб қолади. Ориятнинг йўқолишига олиб келувчи сабаблар эса ўша инсоннинг қайсидир жабҳадаги ожизлиги сабаб юзага келади. Худди шу маънода, ўқитувчи ориятининг йўқолишига унинг билимсизлиги (бундай ўқитувчилар умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида кўпроқ учрайди) ёки таъмагирлиги (бундай ўқитувчилар эса олий таълим тизимида кўпроқ учрайди) сабаб бўлади. Маълумки, таъмагирлик ва билимсизлик қонун йўли билан таъқиб қилинади. Таъмагирлик тушунарли, аммо билимсизлик ҳам қонунан таъқиб қилинадими, дейишингиз мумкин. Албатта! Чунки ўқитувчининг билими давлат томонидан назоратда тутилади. Аттестация комиссияси “нолойиқ” деб топган ўқитувчига нисбатан, ҳатто, ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳам қарор қабул қилиши мумкин. Бу икки қусур, яъни таъмагирлик ва билимсизлик, халқ тили билан айтганда, ўқитувчининг “тилини қисиқ қилиб қўяди”, натижада, унинг орияти ожизлашиб бораверади. Бундай қусурларга эга ўқитувчилар ўқувчиларга ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлишади, чунки ўқувчиларни тартибга чақириши ёки уларга танбеҳ бериши билан боғлиқ ўқувчи учун ёқимсиз ишлар ўқитувчидаги қусур ва камчиликларни улар томонидан ошкора айтиб юборилишига сабаб бўлиши мумкин. Билимсиз ва таъмагир ўқитувчилар ўқувчиларнинг ўзига, қолаверса, касбига, дарси ва фикрларига нисбатан ҳурматсизлик қилаётганини, билимига нисбатан шубҳа билан қараётганини “кўрмайдиган” бўлиб қолади, гўёки. Ошкора ҳурматсизлик уларнинг ориятини қийнаса-да, бунга қарши улар ҳам ошкора муносабат билдиришга журъат қилолмайдилар. Бора-бора ўқувчининг ҳурматсизлигига кўникиб қолган ўқитувчини энди орият “ортиқча” безовта қилмай қўяди. Бу эса ундаги “ўқитувчилик орияти” туйғусининг ўлганлигини билдиради.

Методикаси ёки муомаласида камчилиги бор ўқитувчини тушуниш мумкиндир, аммо билимсиз ўқитувчини тушуниб ҳам, кечириб ҳам бўлмайди. Дарс машғулотида фаоллик ва ташаббус учун ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида кўзга кўринмайдиган пинҳона кураш мавжуд. Буни мен табиий тушунаман. Бу курашда муқаррар ғалаба аслида ўқитувчи тарафда бўлади. Аммо билимсизлик уни ўқувчиларга шундоққина “туҳфа” қилиб юборади. Дарс машғулотининг самарали бўлиши учун фаоллик ва ташаббус доим ўқитувчи тарафида бўлиши шарт. Чунки таълим берувчидаги билим ва билим олишнинг усул ва йўллари унинг фаоллиги билан таълим олувчига ўтади. Бу чойнакдаги чойнинг пиёлага қуйилиши кабидир. Пиёлага чойнакнинг ҳаракати билан чой қуйилади ва бу жараёнда иккаласини ҳам фаоллаштириш ёки пиёланинг фаоллигини ошириш кутилган самарани бермайди. Биз бу фикрларимиз билан дарс машғулотида ўқувчи фаол бўлмаслиги керак, демоқчи эмасмиз, асло, аммо ўқувчининг фаоллиги лозим даражада мақсад сари қаратилган бўлиши, ўқитувчининг етарли даражадаги фаоллигига халал бермаслиги керак. Ўқувчилар фаоллигининг чегарадан чиқиши дарс машғулотининг шовқинли ўтишига, ўқитувчининг машғулот мақсадидан чекинишига сабабчи бўлади. Зеро, дарс машғулотининг вақти чегараланган бўлиб, унинг ҳар бир дақиқаси мақсадли ва оқилона сарфланиши лозим.

***

Ўқитувчи учун орият масаласи жўн ҳодиса эмаслиги, унинг жуда жиддий масала эканлиги аслида мана шуларда кўзга ташланади.

Бу дунё асли мувозанат асосига қурилган. Ўз устида ишлаш ва нафснинг жиловланиши иродани енгишни, меҳнат ва машаққатни талаб қилади ва оқибатда ҳурмат ва эътироф билан сийланади; билимсизлик ва нафсга берилиш эса иродани қийнамайди, меҳнат ва машаққатни талаб қилмайди, аммо у ҳурматнинг йўқолиши ва ориятсизлик билан жазоланади. Мавзу борасида бизнинг фикрларимиз шу жойда поёнига етди. Бу ёғига энди машаққат ортидан топилган ҳурмат ва эътироф билан машаққатсиз эришилган “роҳат ва фароғат”нинг вазнини ўлчайдиган виждон тарозиси гапирсин…

 

Умид ХЎЖАМҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan