ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

«Türkiye» газетаси: Янги Ўзбекистон бутун дунёнинг порлоқ юлдузига айланиб бормоқда

Туркиянинг етакчи «Türkiye» («Туркия») газетасида «Ўзбекистон-Туркия муносабатлари янада мустаҳкамланади» сарлавҳали мақола чоп этилди.

Туркия Буюк миллат мажлисидаги Ўзбекистон билан парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен қаламига мансуб мазкур мақолада икки мамлакат ўртасидаги тарихий ришталар, савдо-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қайд этилган.

Нашрда 6 июнь куни қардош мамлакат – Ўзбекистон билан муносабатлар жиҳатидан ниҳоятда самарали ва унумли кун бўлгани, яъни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан келгани хабар қилинган. Таъкидланганидек, ташриф давомида Ўзбекистон ва Туркия Президентлари раислигида олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

«Бугунги Ўзбекистон биз ота юрт, деб таърифлайдиган Мовароуннаҳр заминидир. Милодий X асрдан бошлаб аждодларимиз бу ерлардан кўчиб, Анадолуни ўзлари учун ватан сифатида танлаган. Шундай бўлса-да, аждодларимиз ота-юртда қолган қардошларимиз билан алоқаларини ҳеч қачон узмаган. Ушбу улуғ заминдан етишиб чиққан буюк алломалар нафақат Осиёдаги, балки бутун дунёдаги туркий халқлар тамаддунига катта ҳисса қўшган инсонлардир», – деб ёзган муаллиф

Мақолада ёзилишича, бугунги Ўзбекистон заминидан Туркияга келганлар бу ерда катта мадрасалар ташкил этиб, муҳим тадқиқотлар ишларини олиб борган, ёшларга илм ўргатган. Ҳозирги кунда Анадолуда Самарқандий, Тошкандий ва Бухорий номлари билан боғлиқ 2500 дан ортиқ қабрлар бор. Улардан иккитаси Бурсадаги Амир Султон ва Салоҳиддин Бухорий қабрларидир.

«2016 йилда Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан кейин Ўзбекистон очиқлик сари юз тутди ва янги тараққиёт сиёсатини амалга ошира бошлади. Мамлакатдаги ўзгариш ва янгиланиш жараёни Янги Ўзбекистон номининг тез-тез тилга олинишига сабаб бўлди. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий тараққиётга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сўнгги 7 йилда ушбу мамлакатга тез-тез ташриф буюрган инсон сифатида айтишим керакки, Янги Ўзбекистон, ҳақиқатан ҳам, қисқа вақтда катта йўлни босиб ўтди», – деб қайд этган Туркия парламенти вакили.

Маълум қилинганидек, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб икки баравар ўсди. Мамлакат 2023 йилни 6 фоизлик ўсиш билан якунлади ва бу йил ҳам худди шундай муваффақиятга эришиши кутилмоқда. Инфляция даражаси 9 фоизга тушган. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Мамлакат валюта бозори ва олтин валюта захираларининг барқарорлигини сақлаб келмоқда. Охирги йилларда 60 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестицияни жалб этишга муваффақ бўлди. Ўтган йили хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар ошди.

Янги Ўзбекистон 90 дан ортиқ давлат, жумладан Туркияга ҳам амал қилаётган визасиз режим туфайли туризм соҳасида ҳам ўз номини юксалтирмоқда. Шундай қилиб, буюк ва чуқур тарихий пойдеворлардан куч олиб, юксалиш ва ривожланишни мақсад қилган мамлакат нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёнинг порлоқ юлдузига айланиб бормоқда.

Материалда Янги Ўзбекистон 90 дан ортиқ давлат, жумладан, Туркияга ҳам амал қилаётган визасиз режим туфайли туризм соҳасида ҳам ўз номини юксалтираётгани қайд этилган. Замонавий Ўзбекистон буюк ва чуқур тарихий илдизларидан куч олиб, нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёнинг янги ёрқин юлдузига айланиб бормоқда.

Муаллиф, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг маънавият соҳасидаги улкан ташаббусларига эътибор қаратган. «Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат раҳбари ташаббуси билан Учинчи Ренессанс ғояси амалга оширилмоқда. Маълумки, кўпчилик тарихчилар Имом Бухорий, Хоразмий каби алломалар етишиб чиққан Х-ХI асрларни Биринчи Ренессанс даври, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби алломалар етишиб чиққан XV асрни Иккинчи Ренессанс даври деб таърифлайдилар. Бугун эса Янги Ўзбекистон етакчиси Учинчи Ренессанс ғоясини илгари сурмоқда. Ушбу мақсадга эришиш йўлида мамлакатда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Ўзбекистон ёшларини замонавий билим ва мутахассисликларни эгаллаши учун кўплаб лойиҳа ҳамда дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, бугун ўзбек ёшлари ўз юрти ва дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Бу борадаги имкониятлар изчил кенгайтирилмоқда», – деб таъкидлаган Туркия Буюк миллат мажлиси аъзоси.

Мақолада Ўзбекистонда бошланган янгиланишлар жараёни Туркия билан муносабатларга ҳам чуқур таъсир кўрсатгани урғуланган. Муаллиф Президентлар Режеп Таййип Эрдоған ва Шавкат Мирзиёев ўртасида ниҳоятда яқин ва самимий муносабатлар ўрнатилганини эътироф этган. Давлат раҳбарларимиз бир-бирларига «қардошим» деб мурожаат қилишади, дейилади нашрда. Бу ҳолат, албатта, мамлакатларимизнинг барча муассаса ва ташкилотлари ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир кўрсатади.

«Шу ўринда, мамлакатларимиз парламентлари ўртасида ҳам намунавий алоқалар мавжудлигини алоҳида таъкидламасам бўлмайди, – дейди депутат. – Шу йил 22 май куни Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистонга қилган ташрифимиз парламентар дипломатияни ривожлантириш нуқтаи назаридан жуда фойдали бўлди. Делегациямиз Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан муҳим учрашувлар ўтказилди. Икки мамлакат парламентлараро алоқаларини янада ривожлантириш, парламентлардаги дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, тегишли қўмиталар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдик».

Мақола хулосасида, «Мен Туркия-Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси сифатида фаолият юритар эканман, бу заминга кўп маротаба бориш имконига эга бўлдим. Лекин ҳар сафар борганимда янги нарсаларни ўзим учун кашф этаман. Ўзбекистон тарихий қадриятларга собит қолган ҳолда жаҳон цивилизацияга ҳисса қўйиш каби муҳим вазифаларни ҳали ҳам давом эттирмоқда. Мен ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш йўлида бор билим ва ғайратимни сафарбор қилишда давом этаман», – деб ёзган Осман Местен.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan