ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Термизда ун маҳсулоти нархини ошириб сотган маҳалла раиси фош қилинди

Республикамиз ҳудудида жорий 2020-йил 16-март санасидан карантин ҳолати эълон қилинди ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жойларга арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши давлатимиз раҳбарияти томонидан маълум қилинди.

Асосий эътибор ҳамжиҳатликда, касалликни енггишга қаратилганини жараёнлар кўрсатиб турибди. Аммо, пандемия шароитида ҳам нафси ҳакалак отганлар…

Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан Термиз шаҳридаги маҳаллалардан бирининг раиси ва ҳамтовоқлари мансаб лавозимини суиистеъмол қилгани аниқланди. Улар “Сурхондарёдонмахсулотлари” АЖ томонидан 1 кг.и 2900 сўм қийматида етказиб берилган ун маҳсулотига қайта нарх қўйиб чиққан. Яъни, 2 тонна ун маҳсулотини ўз маҳалласи фуқароларига 2900 сўм ўрнига 3500 сўм баҳосида сотган.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан маъмурий иш очилган ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига Термиз шаҳар суди томонидан 446 000 сўмдан жарима тайинланди.