ЖАМИЯТ

Олимларнинг фикрича тожик кавраги ўсимлиги 95% га қисқариб, қайта тикланмасдан буткул йўқолиши хавфи юзага келган

Бугун Вилоят прокуратураси ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъуллари томонидан “Вилоят прокуратураси органлари томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланишича, вилоятда 6 та ўрмон хўжаликлари бор, шундан ўрмон фонди ер участкаларидан Сурхондарё Давлат ўрмон хўжалигида  615 гектарни, Бойсун Давлат ўрмон хўжалигида 1866,2 гектарни, Қизириқ Давлат ўрмон хўжалигида 492,04 гектарни, Узун Давлат ўрмон хўжалигида 31,28 гектарни, Боботоғ Давлат ўрмон хўжалигида 9 гектарни ва Хисор ихтисослаштирилган Давлат ўрмон хўжалигида 20480,7 гектар ер майдонлари ижарага берилган.

Бош прокуратура ва вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган ўрганишларда Сурхондарё вилоятининг «Боботоғ” Давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида Қизил китобга киритилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.02.2023 йилдаги ПФ-24-сонли Фармони билан фойдаланишга мораторий жорий этилган тожик кавраги ўсимлиги ширасини олиш мақсадида кесилиб, табиатга зарар етказилаётгани, хўжалик мансабдор шахслари ўрмон ерларини узоқ муддатли ижарага ноқонуний бериб юбораётганликлари ҳолатлари аниқланган.

Республика бўйича тожик кавраги табиий ареалининг 83% ёки 2.255 гектари “Боботоғ” ўрмон хўжалиги ўрмон фонди ерларида жойлашганидан ҳамда аҳолиси ва фармацевтика саноати бўйича дунёда биринчи ўриндаги Ҳиндистон давлатида бу ўсимликнинг ширасига ноёб табиий дори ва қимматбаҳо хом-ашё сифатида қондириб бўлмас даражада юқори талаб мавжуд.

Ҳозирда олимларнинг фикрича тожик кавраги ўсимлиги 95% га  қисқариб, қайта тикланмасдан буткул йўқолиши хавфи юзага келган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-46-сонли Фармони билан Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинган.

Мазкур йўналишда 2023 йил 12 ойи ҳамда жорий йилнинг ўтган даври давомида прокуратура органи томонидан 4 ҳолатда жиноий  иш қўзғатилган.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган йилнинг 25 октябрь кунидан 1 декабрь кунига қадар “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилиниб, вилоятда жами 6 млн. 827 минг туп кўчат экиш режалаштирган ва бугунги кунда жами 6 млн.  904 минг кўчат экилган.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда чиқиндиларни комплекс бошқариш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан аҳоли ўртасида чиқиндиларни алоҳида саралаш маданияти ва тажрибасини шакллантириш, шунингдек, сараланган чиқиндини топшириш ва йиғиш механизмларини такомиллаштириш бўйича атрофлича фикр юритилди.

Матбуот анжумани сўнггида оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан мавзу юзасидан саволлар берилди, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan