ҲУҚУҚ

Ишловчи оналар ва бола парвариши нафақа пули бериш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 405-моддасига ассасан, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар кимларга ва қай йўсинда берилиши келтириб ўтилган.

Унга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланиши белгиланган.

Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Шуниндек, болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин.

Аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари ушбу модданинг биринчи қисми сақланиб қолади.

Ушбу моддага ассосланиб, хўжалик юритувчи субектлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик субектларида ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш тартиби белгиланган.

Бу ҳолатда ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа туғилган, фарзандликка ёки васийликка олинган болани икки ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш учун қоида тариқасида онага, отага, онанинг ўрнини босувчи шахсларга ёки бошқа қариндошларга тайинланади ва тўланади.

Бола парвариши бўйича нафақа оналарга, онанинг ўрнини босувчи шахсларга, нафақа олиш учун мурожаат қилинган ойдан бошлаб, аммо ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан сўнг тайинланади ва тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа онанинг, онанинг ўрнини босувчи шахснинг, ушбу ойдаги таътилда бўлган календар кунларига мос улушда тўланади.

Агар икки ва ундан ортиқ туғилган, фарзандликка ёки васийликка олинган болалар парваришда бўлса, бола парвариши бўйича нафақа кичик бола икки ёшга тўлгунга қадар бир баробар миқдорда тўланади.

Агар она бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши даврида иккинчи бола учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил олиш ҳуқуқига эга бўлса, онанинг танлови асосида нафақанинг фақат бир тури тўланади.

С. Сайфиддинов, Термиз шаҳар юридик хизмат кўрсатиш
маркази бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan