ЖАМИЯТ ҲУҚУҚ

Оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи бор.

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг бекор қилинган ноқонуний қарорлари тўғрисидаги маълумотларни жамоатчилик учун очиқлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар ташкил қилиш белгиланган.

Мазкур чора-тадбирлар доирасида амалга оширилган ишлар Термиз туманлараро маъмурий суди мисолида таҳлил қилинди.

Хусусан, ҳисобот кўрсаткичларига кўра, 2024 йилнинг 1-чорагида Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қарорлар устидан низолашиш билан боғлиқ жами 134 та аризалар кўриб чиқилган.

Аризаларни кўриб чиқиш давомида маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонунийлиги аниқланган 49 та, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари туман-шаҳар бўлимларининг 19 та, Мажбурий ижро бюроси органларининг 3 та,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси органларининг 4 та, кадастр агентлиги органларининг 1 та, Қурилиш ва коммунал хўжалиги назорат инспекциясининг 1 та, Адлия вазирлиги тизимидаги идораларнинг 1 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

Амалиётдан келиб чиқиб, бир иш тафсилотларига тўхталиб ўтсак.

Аризачи «T» оилавий корхонаси судга ариза билан мурожаат қилиб, Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасининг 2023 йил 13 декабрдаги
20/5-88898-сонли “Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигига оид қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисида”ги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Низоли қарорга асосан корхонага Солиқ кодексининг
2271-моддасига асосан 518 067 120 сўм миқдорида молиявий жарима, Солиқ кодексининг 221-моддаси 1-қисмига асосан 10 000 000 сўм молиявий жарима, Солиқ кодексининг 223-моддаси 1-қисмига асосан 34 000 сўм миқдорида жарима қўлланилган.

Иш кўрилишида оилавий корхонанинг охирги ҳисобот чорагида олган соф тушуми миқдорини аниқлашда ҳақиқий ҳолат эътиборга олинмасдан жарима қўлланилганлиги аниқланган.

Шу боис, суднинг 2024 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарори билан ариза қисман қаноатлантирилиб, низоли қарорнинг  оилавий корхонага 518 067 120 сўм миқдорида жарима қўллаш ҳақидаги қисми ҳақиқий эмас деб топилиб, жавобгар зиммасига қарорни қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.

Солиқ бошқармаси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ижроси таъминланиб, 2024 йил 12 мартдаги қарорга асосан корхонага қўлланилган 518 067 120 сўм жариманинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилган ва унинг бузилган ҳуқуқи тикланган.

Бундан ташқари, “A” фермер хўжалигининг Сариосиё туман ҳокимининг 2022 йил 05 майдаги 192-8-116-Q/22-сон қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Иш судда кўрилиши жараёнида ҳокимлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 08 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6243-сон Фармони талабига риоя этилмаганлиги аниқланганлиги сабабли, суднинг 2024 йил 4 январдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, низоли қарор ҳақиқий эмас деб топилган ва “А” фермер хўжалигининг бузилган ҳуқуқи тикланган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, маъмурий суд ишларини юритишда оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш асосий вазифамиздир.

АЗАМБЕРДИ АЛИҚУЛОВ,Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси            

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan