ЎЗБЕКИСТОН

“Мен террорчи эмасман”. Солихон домла нега қамалгани очиқланди

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган Солихон Маҳкамович Ортиқхўжаев 15 суткага қамалгани хабар қилинганди. Эндиликда унинг қамалиши билан боғлиқ воқеа тафсилотлари очиқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди. 

Билдирилишича, Солихон Ортиқхўжаевнинг жавобгарликка тортилиши жорий йилнинг 30 март куни содир бўлган воқеа билан боғлиқ. Айтилишича, шу куни Сергели тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида Ортиқхўжаевнинг уйида тинтув ўтказиш учун борган. Солихон домла эса ходимларга нисбатан носамимий муносабатда бўлиб, бақир-чақир қилган ва баланд овозда “террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман” деб шовқин қилиб, шу ердан ўтиб кетаётган фуқароларнинг тинчлигини бузган. Шунингдек, у ИИО ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлган телефон аппаратини тақдим қилиш сўралганида, уларга телефонини бермасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.

30 март куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида Солихон Ортиқхўжаев ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам ИИО ходимлари унинг қўл телефонини сўраганида, уларга телефон аппарати йўқлигини айтиб, гаджетни тақдим этмаганини билдирган. Лекин у бақир-чақир қилмаганини айтиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Суд қарорига кўра, Солихон Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган ва унга 183-модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 194-модданинг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340.000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, жазо ўталганидан сўнг Солихон Ортиқхўжаевдан Тошкент шаҳар ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қабулхонаси фойдасига махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 765.000 сўм ундирилиши белгиланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan