ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш жараёнлари якунланди

Салкам 6 минг нафар Ўзбекистон фуқароси Украинадан Польша ҳудуди орқали мамлакатга қайтишди.

Ўзбекистон фуқароларини Украинадан Польша ҳудуди орқали Ватанимизга эвакуация қилиш бўйича мамлакатимиз учун муҳим бўлган жараён ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Польшадан эвакуация қилиш қандай кечгани, бундан чиқарилган сабоқлар ҳамда ўзбек дипломатларининг ушбу жараёндаги кундалик ишлари ҳақида Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев “Дунё” ААга сўзлаб берди: 

– Бу жуда мураккаб ва хавотирли давр бўлди, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун масъулият Украина ва Польшадаги дипломатия ваколатхоналаримиз зиммасига юклатилди. Львов шаҳрида тўпланган Ўзбекистоннинг дастлабки ўттиз нафар фуқароси 27 февраль куни эрталаб «Краковец-Карчова» назорат-ўтказиш пункти орқали Украина-Польша чегарасини кесиб ўтди. Куннинг ўрталарига келиб оқим кўпая бошлади ва кечга борибоқ Польша ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктининг жамлоғида 400 нафарга яқин одам тўпланди. Чегарада асосан Украина фуқароларидан иборат кўп минг кишилик қочқинлар сафи юзага келди, Польша ҳудудига ўтиб олишлари учун салкам 20 соатгача кутишга тўғри келди. Мамлакатимиз фуқаролари орасида болали аёллар, талабалар, Украинада вақтинча ўқиган ёки ишлаган компаниялар ходимлари бор эди.

Шу кундан эътиборан чегарани кесиб ўтиш, Ўзбекистон фуқароларининг жамланиш пунктида жойлаштириш ва уларни Катовица шаҳри аэропортига элтиш масалалари элчихонанинг қаттиқ назорати остига олинди. Чегарада консуллик ходимлари, Варшавадаги элчихонада тузилган Штаб 18 кун давомида туну кун ишлади.

Жамғариш пунктида Ўзбекистон фуқароларининг тунашлари учун барча шароитлар ташкил этилди – иссиқ кўрпалар етказилди, зарур тиббий ёрдам кўрсатилди, иссиқ овқат ташкил этилди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан Польшанинг Катовице шаҳри аэропортидан фуқароларни эвакуация қилиш қарори қабул қилингач, элчихона ходимлари ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ вакиллари зудлик билан мазкур шаҳарга юборилди.  Элчихонанинг барча саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги раҳбарияти томонидан мувофиқлаштирилди. Ўзбекистоннинг Польша ва Украинадаги дипломатлари доимий алоқада бўлиб туришди.

28 февраль куниёқ бортидан фуқароларимиз жой олган биринчи самолёт Катовице шаҳри аэропортидан Тошкентга учиб кетди. Ҳар куни «Uzbekistan Airways» АЖ тасарруфидаги 2-3 та махсус самолёт Тошкентга учди. Польшадан ҳаммаси бўлиб 25 ҳаво қатнови воситасида  5786 нафар фуқаро Ўзбекистонга элтиб қўйилди.

Дастлаб Ўзбекистонга учишни хоҳловчилар сони 1,5-2 минг нафардан ошмаслиги тахмин қилинган эди, бироқ Украинадаги тез ўзгарувчан вазият бу тахминларга мос келмади. Одамларнинг келиши оқими кун сайин ўсиб борди, 2-4 март кунлари эса уларнинг сони жуда кўпайди – ўша кунлари тўпланиш нуқтаси ва аэропортнинг ҳар бирида Ватанга учишни истаётган 700-800 нафардан одам тўпланди.

Элчихона ходимлари томонидан ижарага олинган автобусларда мамлакатимиз фуқароларини аэропортга ўз вақтида етказиб бериш ташкил этилди. Дастлаб фуқароларимиз келишган чегараолди тўпланиш пункти ва Катовица шаҳри аэропорт оралиғидаги масофа 340 километрни ташкил этар эди, шу боис одамларни элтиш жараёни Тошкентга махсус ҳаво қатновларининг жўнаш вақтини ҳисобга олган ҳолда назорат қилиниши лозим эди.

Катовица шаҳри мэрияси томонидан аэропорт биносига тартиб билан ўтиш ташкил қилинди. Барча фуқароларга олдиндан тайёрланган рўйхатлар асосида хизмат кўрсатилди. Тартиб Польша полицияси ва кўнгиллилар томонидан доимий равишда назорат қилинди, уларнинг кўмагида ёш гўдаги бор аёллар, болалар ва кексалар учун махсус йўлаклар ташкил этилди.

Шунга мувофиқ улар биринчи навбатда йўлаклардан ўтишди. Шу билан бирга, стресс ҳолатини бошдан кечириб, тезроқ учиб кетишга ҳаракат қилган одамларга доимий тушунтириш ишларини олиб бориш талаб этилар эди.

Шунингдек, Ўзбекистон элчихонаси илтимосига биноан, фақат бизнинг мамлакатимиз фуқаролари учун аэропортда иссиқ овқат ташкил этилгани ҳолда болали оналарнинг дам олишлари учун махсус хоналар ажратилди. Йўловчиларга шошилинч тиббий кўмак кўрсатиш учун тез ёрдам машиналари  аэропорт ёнида доимий равишда навбатчилик қилди.

Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш давомида турли сабабларга кўра ёнида зарур ҳужжатлари бўлмаган юртдошларимизга консуллик томонидан Ватанимизга қайтишлари учун 322 та гувоҳнома берилди.

Тошкентдаги барча мутасадди ташкилотлар – Ташқи ишлар, Транспорт вазирликлари, «Uzbekistan Airways» АЖ ва аэропорт ҳамкорликда  жуда катта вазифанинг уддасидан чиқди. Давлатимиз раҳбари номидан Ўзбекистон Президенти Администрацияси ва шахсан  мамлакатимиз Бош вазири эвакуация билан боғлиқ жараённи қатъий назорат қилиб борди.

Таҳликанинг биринчи кунидан бошлаб жанговор ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардан барча фуқароларимиз Ўзбекистонга олиб кетилиши эълон қилинди ва давлатимиз ҳаво  қатнови харажатларини ўз зиммасига олди.

 Бошқа давлатлар орасида Ўзбекистон Украинадан ўз фуқароларини биринчи бўлиб олиб чиқди. Ушбу масъулиятли ва инсонпарварлик ташаббуси Польша раҳбарияти, хусусан, мамлакат Президенти, Ташқи ишлар вазирлиги ва парламенти томонидан  юқори баҳоланди.

2022 йил  4 март куни Польша Президенти Анджей Дуда «Карчова» чегара назорат-ўтказиш пунктига ташриф буюрди. Польша етакчиси  Ўзбекистон элчихонаси ходимларига алоҳида мурожаат қилди ва миннатдорлик билдирди. «Сиз фақатгина мамлакатингиз фуқаролари учун муҳим ва олижаноб ишни амалга оширмаяпсиз. Сиз амалга ошираётган олижаноб ишлар бошқа  мамлакатлар дипломатлари ва кўнгиллиларини ҳам илҳомлантирмоқда. Менга Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини биринчи бўлиб эвакуация қилгани ҳақида хабар берилди. Бу ҳақда эшитганимдан сўнг бу қадамни ўз фуқаролари учун оталарча ғамхўрлик,  деб ўйладим. Яқинда биз ҳам шунга ўхшаш вазиятни ўз бошимиздан ўтказдик. Сизга қўшни бўлган мамлакатни тарк этаётган фуқароларимиз ва Европа мамлакатлари фуқароларидан хавотирда эдик. Биз уларни эвакуация қилиш учун ушбу мураккаб операцияни фақат Ўзбекистоннинг фаол кўмаги билан амалга ошира олдик. Бу ёрдамни Польша ҳеч қачон унутмайди», деди Анджей Дуда.

Польша Президенти, шунингдек, ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб, уларга далда бўладиган гапларни айтди.

Шахсан унинг буйруғи билан шаҳар ҳокимлиги 4 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини аэропортга олиб бориш учун  бепул автобуслар ажратди. Ҳаммаси бўлиб 90 та автобус қатновлари ёрдамида ватандошларимиз  Катовеце шаҳри аэропортига етказилди.

Польша Президенти ва ҳукумати, Ташқи ишлар вазирлиги, миграция хизматлари, Қочқинларни эвакуация қилиш бўйича махсус комиссия, полиция, транспорт ходимлари, чегарачилар, Катовице шаҳри аэропорти ходимлари, шифокорлар, кўнгиллилар ўзбекистонликларнинг Ватанга қайтишига жуда катта ёрдам кўрсатдилар. Элчихона илтимосига кўра, Польша Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда 15 кун давомида қолиш ҳуқуқи билан Ўзбекистон фуқароларига давлат чегарасини кесиб ўтишда  визасиз режимга рухсат берди (Европа Иттифоқи чегараси).  Бундан ташқари,  коронавирусга қарши кураш доирасида қабул қилинган ПЦР-тест натижаларини талаб қилиш шарти бекор қилинди.

Биз одамларнинг ҳис-туйғуларини жумбушга келтирадиган таъсирчан ҳолатларга ҳам жуда кўп маротаба дуч келдик. Фуқароларимиз тўпланадиган жойга ҳар куни бир неча ўнлаб машиналар келди. Уларнинг эгалари бўлган ёшлар ва кекса одамлар фуқароларимизни аэропортга бепул олиб бориб қўйишни чин дилдан таклиф қилдилар. Бундан ташқари, польшалик кўнгилли шахсий автомобиль эгалари йўл давомида ватандошларимизга озиқ-овқат, сув сотиб олиб беришган. Ҳатто, бир нафар фуқароларимизнинг соғлиғида муаммо кузатилгани сабабли унга тиббий ёрдам ҳам кўрсатилган.

Польшалик кўнгиллилар иштирокида ўзини ёмон ҳис қилган 3 нафар  ҳомиладор аёлга тез ёрдам кўрсатиш мақсадида энг яқин касалхонага элтиб қўйилган ҳолат ҳам рўй берди. Уларга зарур тиббий муолажалар кўрсатилганидан сўнг эртаси куни  ўша ҳайдовчилар аёлларимизни тўғри самолёт зинасига етказиб олиб келишди.

Биз учун ушбу қийин даврда энг юксак инсоний фазилатларни намоён этган Польша ҳукумати ва мамлакат фуқароларига чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман.

Бундай форс-можор ҳолатлар тез-тез содир бўлмайди. Бунда 2019 йили пандемия бошланганидан кейин фуқароларимизни эвакуация қилиш бўйича тўпланган тажриба бизга жуда асқотди.  Ўзбекистоннинг Украина ва Польшадаги элчихоналари эвакуация жараёнини аввалбошданоқ жиддий назорат остига олган ҳолда муваффақиятли амалга оширди.

Қийин вазиятдан чиқиб, эсон-омон Ватан сари йўлга олган барча ҳамюртларимиз, аввало муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон ҳукуматига, дипломатия ваколатхоналари ходимларига ўзларининг самимий минатдорликларини билдиришди. Юртдошларимиз давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси ва юксак эътибори туфайли  Ватанимизга соғ-саломат қайтиш  имкониятига эга бўлганликларини қайта-қайта таъкидладилар.

Албатта, уларнинг кўпчилиги жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин Украинага қайтишлари мумкин. Аммо бугун улар уйларига бориб, оила аъзолари,  яқинлари даврасида – тинч, жонажон Ўзбекистонимиз бағридан қўним топдилар.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan