СПОРТ

«Ман Сити» «Арсенал»га қарши, Клопп Де Дзербини имтиҳондан ўтказади, Германияда «Дер Класикер». Ҳафта ўйинлари анонси

Иккита яхши хабар бор. Биринчиси, шу билан мавсум охиригача клублар футболи танаффусга чиқмайди. Демак ҳар ҳафта ва ҳатто ҳар куни футбол томоша қилиб, миллий чемпионатлар ғолибларини, еврокубок соҳибларини аниқлаймиз. Иккинчиси, Европада соатлар ёзги вақтга ўтаётгани учун мана шу якшанба кунидан бошлаб, ўйинлар бир соат вақтлироқ бўлиб ўтади, биз ҳам бир соат эртароқ ухлашга ётамиз. Унгача эса Испания ва Германияда классиколар, Англияда яна бир чемпионлик баҳси. Ёқимли иштаҳа.

БАВАРИЯ – БОРУССИЯ ДОРТМУНД (30 март, 22:30)

«Агар поездга кеч қолсанг, неча соатга улгурмаганинг муҳим эмас» ибораси футболга жуда мос, айниқса, ушбу мавсумдаги «Бавария»га. Мюнхенликлар Европада энг кўп танқид қилинаётган топ-клублардан бири бўлиб турибди, ҳатто бу босимга мураббий ҳам дош бера олмай, ёзда жамоани тарк этишини билдирди. Аслида қарасак, жамоа Чемпионлар Лигаси чоракфиналига чиқди. Бундеслигада-чи? Бир қизиқ факт, ҳозирда «Бавария» 78 имкониятдан 60 очко тўплаган, яъни умумий очконинг 77 фоизини. Бу кўрсаткичдан пастроқ натижа билан «Бавария» охирги уч йилда мамлакат чемпиони бўлди, ҳозир эса пешқадамдан 10 очко орқада. Яъни бу сафар поезд бироз тезроқ юраётгани, Бундеслигадаги ҳолат аслида «Бавария»нинг муваффақиятсизлигидан ҳам кўра, «Байер»нинг ҳаддан ташқари яхши натижа қайд этаётгани билан боғлаш тўғрироқ бўлар?

Нима бўлгандаям, «Бавария»нинг ушбу турдаги «Боруссия»га қарши ўйини аҳамиятли, ахир Дер-Классикер, биринчидан, иккинчидан эса «Бавария» ҳар қандай ҳолатда ҳам темпни туширмасдан ўз очколарини йиғишда давом этиши керак. Ким билади, балким сўнгги турда ўтган мавсумдаги каби йўқ жойдан совға тушиб қолар? Ўйин «Боруссия» учун ҳам жуда муҳим. Дортмундликлар 50 очко билан ҳозирда 4-ўринда боришмоқда, аммо бешинчи поғонадаги «Лейпциг»да 49 очко бор. Немислар якунда Чемпионлар Лигасига 5 йўлланмани ҳам қўлга киритишлари мумкин, аммо бу ҳали аниқ эмас, йўлланма учун курашда кучли тўртликка кириш энг хавфсизи. Кейинги турда «Боруссия» ўз майдонида учинчи ўринда бораётган «Штутгарт»ни қабул қилади. Мана шу икки ўйинда имкон қадар очко йўқотмаслик Терзич шогирдларига мавсумнинг сўнгги қисмида ишончли тўп суришга шароит тақдим этади. «Боруссия»ни ўн кундан кейин Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Атлетико» билан ўйин ҳам кутиб турганини унутмаслик керак.

Ўзаро ўйинларга қаралса, Бундеслига доирасида «Боруссия» рақиби устидан охирги марта 2018 йилда, барча мусобақаларни инобатда олсак, 2019 йилда мағлубиятга учратган. Кейин бўлиб ўтган 11 учрашувнинг 10 тасида мюнхенликларнинг қўли баланд келди, жумладан, биринчи даврада Дортмундда бўлган ўйинда меҳмонлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Жароҳатларга тўхталадиган бўлсак, мезбонларга Сарр, Павлович, Геррейру, Бойе, ҳамда Нойерлар ёрдам бера олишмайди. «Боруссия» сафида Кобел ва Аллерда жароҳат бор. Шунингдек, «Бавария»нинг собиқ яримҳимоячиси Марсел Забицер «Вердер» билан ўйинда қизил карточка олганди. У ҳам дисквалификация туфайли собиқ жамоасига қарши майдонга туша олмайди.  

ЛИВЕРПУЛ – БРАЙТОН (31 март, 18:00)

Шу кунларда «Байер» бош мураббийи Хаби Алонсонинг Леверкузенда қолиши сабабли «Ливерпул» ўз эътиборини бошқа мураббийларга қаратиши ҳақида ишончли манбалардан хабарлар чиқди. Ҳозирда «Спортинг»ни бошқараётган Рубен Аморим ҳамда «Брайтон» устози Роберто де Дзерби асосий даъвогар сифатида тилга олинишмоқда, табиийки, мана шу фонда де Дзербининг «Энфилд»даги имтиҳони жуда қизиқарли бўлади.

Бу нафақат де Дзерби, балки «Ливерпул» учун ҳам имтиҳон, зеро барча мусобақаларда 4 ўйиндан бери, аниқроғи, италиялик мураббий «Брайтон» бошқарувига келганидан буён Клопп ҳали бирор марта ҳам рақибини енга олгани йўқ. Ўтган мавсумда «Брайтон» ўз майдонида 3:0 ҳисобида ютиб, «Энфилд»да 3:3 ўйнаган, ушбу мавсум биринчи даврасидаги ўйинда эса 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Шунингдек, «Брайтон» ўтган йили «Ливерпул»ни Англия кубоги мусобақасидан ҳам чиқариб юборганини эсласангиз керак. Хуллас, Юрген Клопп ва Роберто де Дзерби ўртасидаги навбатдаги ўзига хос дуэл бўлиб ўтади.

Турнир жадвали нуқтаи назаридан ҳам мезбонлар учун ўта аҳамиятли палла. Ушбу турда чемпионлик пойгасидаги асосий рақиблар ўзаро куч синашишини эътиборга олсак, «Ливерпул»да ушбу турдан сўнг яққол пешқадам бўлиб олиш имконияти бор. Агар Клопп шогирдлари биринчи ўринга чиқиб олишса, уёғига ўзаро учрашувлар йўқ, бор кучини ташлаб чемпионлик сари одимлаши мумкин. «Арсенал» ва «Манчестер Сити»дан фарқли равишда «Ливерпул» Чемпионлар Лигасида йўқлигини ҳам таъкидлаш керак.

Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг, футболчиларнинг ҳолати ҳақида аниқ маълумотларни олиш қийин. Футболчилар миллий жамоалардаги йиғинлардан турли спорт формасида қайтиб келишлари, умуман бундай танаффусдан кейин, йиғинларга кўпроқ аъзосини юборган топ-клубларга бироз ноқулай бўлишини ҳам инобатга олиш керак. Мисол учун, Шимолий Ирландияга қарши ўйинда Эндрю Робертсон жароҳатланди ва бир муддат шерикларига ёрдам бера олмайди. Жота, Алиссон, Трент каби футболчиларнинг қайтиши мана шу ойга белгиланган, аммо «Брайтон» билан ўйинда тайёр бўлишлари даргумон. Аммо кичик жароҳат туфайли миллий жамоалар чақирувидан қутулиб қолган Дарвин Нуньез ва Кетрин Жонслар тўлиқ тикланиб, майдонга тушишга тайёр экани ҳақида хабарлар бор. Меҳмонлар сафида эса Солли Марч, Митома, Жезус каби асосий таркиб футболчилари шерикларига ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, Жеймс Милнер ҳам собиқ жамоасига қарши ўйинни ўтказиб юборади.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – АРСЕНАЛ (31 март, 20:30)

Ҳозирда учинчи ўринда бораётган бўлса-да, мутахассислар томонидан «Манчестер Сити»нинг чемпионлик пойгасида фаворит эканини айтаётганлар ҳали ҳам кўп. Табиийки, бунга Пеп Гвардиола жамоасининг таркиби, аввалги мавсумларда айнан шундай ҳолатлардан ғолиб сифатида чиққани сабаб қилинади, аммо яна шуни айтиш керакки, «шаҳарликлар»га сўнгги мавсумларда ёрдам бериб келган мана шу факторлар ушбу мавсумда етарлича ишламаётгандек.

Эсингизда бўлса, ўтган йили «Манчестер Сити» «Арсенал»дан анча ортда борган бўлса-да, якунда қувиб ўта олган, бунга айниқса, ўзаро учрашувлардаги икки ғалаба катта ёрдам берган. Негадир, бу мавсумда «Манчестер Сити»нинг топ-ўйинлардаги натижалари қониқарли бўлмаяпти. Мисол учун, бугунги топ-5 жамоаларга қарши ўйинларда Пеп Гвардиола шогирдлари ҳали бирор марта ҳам ғалаба қозона олишгани йўқ. «Ливерпул» билан икки дуранг, «Тоттенҳэм» билан ҳам йўқотиш, «Арсенал» ва «Астон Вилла»га қарши сафар ўйинларида мағлубият. Агар бу сафар «Арсенал» мағлуб этилмаса, «Сити» мана шу учликда энг ёмон ҳолатга тушиб қолишини ҳам, энг ишонган мутахассислар ҳам рақибларга кўпроқ устунликни тақдим этишини ҳам яхши биласиз. Пеп Гвардиолага ёрдам бериб келган яна бир устунлик – таркибнинг салоҳияти борасида ҳам муаммолар етарли. Ўтган ёзда Гундўған, Маҳрез каби тажрибали футболчилар жамоани тарк этишди, уларнинг ўрнига келган Нуньес жароҳат олди, Доку мавсум бошида ҳаммани лол қолдирган бўлса-да, унга қарши ўйнашни ўрганиб олишди. Грилиш яхши формада эмас, Де Брюйне қаторасига бир неча учрашув юқори даражада ўйнашга жисмоний томондан эплай олмаяпти.

Мана шу муаммолар фонида «Арсенал»нинг айниқса, янги йилдан бери анча кучайгани сезилиб турибди. «Арсенал» 2024 йилдаги АПЛ доирасидаги барча 9 ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Тўғри, тақвим борасида ҳам лондонликларда қулайлик бор эди, аммо рақиблар ичида «Нюкасл», «Ливерпул», «Вест Ҳэм» каби юқори ўринлардаги жамоалар бўлгани ва бу учрашувлар «Арсенал»нинг яққол устунлигида ўтганини ҳам таъкидлаш керак. Яъни Португалиядаги ЕЧЛ ўйинидан ташқари бирор учрашув бўлмадики, «Арсенал»нинг рақиби ҳеч бўлмаса тенгма тенг кураша олган бўлсин. Демак, ўйин «Этиҳад»да бўлса-да, балким охирги ўн йилликларни олганда ҳам биринчи марта «Арсенал»ни «Манчестер Сити»га нисбатан фаворит демасак-да, имкониятларни тенг баҳолашимиз мантиқан тўғри бўлади.

Юқорида «Манчестер Сити» таркиби бўйича тўхталиб ўтилди, бунинг устига, миллий жамоалар йиғинларида жамоанинг бирданига икки футболчиси жароҳат туфайли учрашувни эрта тарк этишга мажбур бўлди. Аввалига Кайл Уокер, кейин эса Жон Стоунз Англия миллий жамоасидаги иштирокини якунига етказа олмади. Бунинг устига яна бир марказий ҳимоячи Мануэл Аканжининг ҳам жисмоний ҳолати сўроқ остида қолмоқда. Кевин де Брюйне ҳам, Аканжи ҳам умумий гуруҳ машғулотлари қатнашган бўлишса-да, илк дақиқалардан майдонга туша олишлари борасида аниқ фикр айтиш қийин. Мезбонлар сафида ҳимоячиларда муаммолар бўлса, «Арсенал» Мартинелли ва Саканинг ёрдамидан тўлиқ фойдалана олмаслиги мумкин. Ҳар икки футболчи ҳам танаффусдан олдин кичик жароҳат туфайли миллий жамоага чақирилишмаган ва бугунги кунда қай даражада тайёр экани маълум эмас.

РЕАЛ МАДРИД – АТЛЕТИК (31 март, 23:55)

«Атлетик» Испанияда юқори дивизионни тарк этмаган уч жамоадан бири саналади ва шунинг учун, билбаоликларнинг «Реал» ва «Барселона»га қарши ўйинлари ҳам «Класико» мақомини олган. Ушбу мавсумда Валверде шогирдлари анча муносиб ҳаракат қилиб, ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун, ҳам Қироллик кубоги учун курашни давом эттираётгани катта натижа. «Атлетик» келаси якшанба куни кубок финалида «Мальорка»га қарши ўйнайди – ушбу мусобақаги охирги бешта финалини бой берган жамоа 40 йиллик танаффусдан сўнг кубокни боши узра кўтариш имкониятига эга. Ла Лига фронтида эса жамоа ҳозирда ҳатто «Атлетико»ни ҳам ортда қолдириб, 4-ўринга жойлашиб олган. Бунинг устига «Атлетик» айниқса, сўнгги йилларда «Бернабеу»да муносиб қаршилик кўрсати олмоқда. Мадридда ўтган охирги 6 учрашувнинг ярмида меҳмонлар мағлубиятга учрамасликнинг уддасидан чиқишган. Хусусан ўтган мавсумдаги ўйинда ҳам фақат Бенземанинг пеналтидан ҳисобни тенглаштириши мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолганди. Умуман олганда ҳам «Атлетик» ушбу мавсумда сафар ўйинларида кўп жамоалар учун ноқулай бўлиб келмоқда – ўтган 14 сафар учрашувида жамоа атиги 12 та гол ўтказгани ҳам яққол исбот. «Атлетик» ўтказилган 29 ўйиннинг 15 тасида ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олган – бу ҳам Испания чемпионатида энг яхши кўрсаткич.

«Реал» эса Испания чемпионатида ниҳоят «Жирона»дан етарлича масофага узоқлашиб олган бўлса-да, босим аввалгидан ортди ҳам, зеро энди таъқибчи қачондир пасайиши кутилган «Жирона» эмас, «Барселона» бўлиб қолди. Ўртада 8 очколик фарқ бўлса-да, «Барселона» ниҳоят яхши спорт формасига кириб олиб, 10 учрашувдан буён ютқазмаётгани, бунинг устига, Чемпионлар Лигасидаги ўйинлар ҳам ҳалақит беришини инобатга олсак, кураш ҳали тугамаганга ўхшайди. Апрел ойи охирида «Эл Класико» ҳам кутиб турибди, табиийки, ўша ўйин олдидан босимни кўпайтириб олмаслик учун «Реал» ҳеч бўлмаса бугунги 8 очколик фарқни сақлаб туриши, бунинг учун эса кейинги турларда юз фоизлик натижа кўрсатиши лозим бўлади.  

Йўқотишлар борасида «Реал»нинг ҳолатига хавас қилиб бўлмайди. Куртуа, Алаба, Милитаоларнинг йўқлигига ўрганиб бўлгандик ҳамки, таркибдаги энг универсал футболчи Эдуардо Камавинга ҳам камида икки ҳафтага сафдан чиқди. У «Манчестер Сити»га қарши ўйинларни ҳам ўтказиб юбориши мумкин. Шунингдек, Винисиус «Осасуна»га қарши ўйинда икки гол урганидан ташқари, ҳакам томонидан огоҳлантирилган ҳам эди. Бу эса дисквалификацияга олиб келадиган сўнгги карточка бўлиб чиқди. Ким билади, балким айнан «Барселона»га қарши ўйин олдидан «тозаланиб олиш» учун ҳам атайлаб қилингандир?

Меҳмонлар сафида эса асосий таркиб футболчилари ичида Паредес, де Галарретта ва Берчичеларда жароҳат бор. Шунингдек, захирадан ёрдам бериши мумкин бўлган Андер Эрреранинг ҳам тикланиб улгурмагани эҳтимоли юқори.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

30 март. НАПОЛИ – Аталанта (16:30), НЮКАСЛ – Вест Ҳэм (17:30), БАЙЕР – Хоффенхайм (19:30), ЧЕЛСИ – Бёрнли (20:00), ТОТТЕНҲЭМ – Лутон (20:00), Лацио – ЮВЕНТУС (22:00), АСТОН ВИЛЛА – Вулверҳэмптон (22:30), Фиорентина – МИЛАН (31 марта ўтар кечаси, 00:45), БАРСЕЛОНА – Лас Палмас (31 мартга ўтар кечаси, 01:00), Брентфорд – МЮ (31 мартга ўтар кечаси, 01:00)

31 март. ЖИРОНА – Бетис (19:15), ШТУТГАРТ – Ҳайденхейм (20:30), Марсел – ПСЖ (23:45).

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan