ДУНЁ

Бадавлат америкаликлар пандемиядан хавфсираб, ер ости бункерларидан паноҳ изламоқда

Пандемия қаршисида ва унинг глобал иқтисодиётдаги  оқибатларидан қўрқиб, Американинг бадавлат шахслари ер ости бункерларига яширинишмоқда, деб хабар беради  Bloomberg агентлиги. Бундай беркиниш учун Янги Зеландия қулай ва номдор жой бўлиб қоляпти. Ўнлаб оилалар АҚШ ҳудудида жойлашган ер ости манзилларига ҳам йўл олишган.

Янги Зеландияда ер ости қароргоҳлари қурилиши билан шуғулланувчи  Rising Co қурилиш ширкати раҳбари Гэри Линчнинг айтишича, унинг мижозлари Американинг йирик  компаниялар эгалари дунёдаги нотинч вазиятдан ташвишланиб, аллақачон Янги Зеландияни ихтиёр этишган. Ер юзида алоҳида иҳоталанган, Австралия ярим қирғоғида жойлашган мазкур мамлакатда бор йўғи 4,9 миллион аҳоли истиқомат қилади. Бу орол давлати америкаликларни   гўзал табиати, ювош сиёсатдонлари ва энг олд тиббий муассасалари билан  азалдан ўзига мафтун этиб келади.

Агентликнинг маълум этишича,  Rising Co қурилиш ширкати Янги Зеландия ҳудудида сўнгги йиллар ичида 10 га яқин хусусий бункерларни барпо этган. 150 килоли  вазнга эга ва уч метр чуқурликда ер қаърига чўккан бундай турар жойнинг баҳоси 3 миллион долларни ташкил этади. Бироқ, ваннаси бор муҳташам хоналар, тир, ўйинлар ва тренажер залга эга бункерлар 8 миллион долларгача нархланган.

12 март куни тадбиркор Михай Денулеску рафиқаси билан Янги Зеландияга  чегаралар ёпилиб қолишидан хавотирланиб, шахсий бўлмаса-да, бункерга отланди. Динулескунинг айтишича, ўша пайтда халқаро рейсларга талаб унча катта бўлмаса ҳам, самолёт Оклендга  лиқ тўла учган.

Тўрт кун ўтгач мамлакат хорижликлар учун чегараларини ёпди. Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, шундай ҳолатда ҳам хусусий самолётларда хорижликлар келиши давом этмоқда. Шу билан бирга пандемия бошлангандан буён инвестиция визасига қизиқувчилар сони ошган.

Линчнинг сўзларига кўра, пандемия  америкаликлар нигоҳида Янги Зеландияни янада жозибадор кўрсатди. Сўнгги ҳафталарда мамлакат  эпидемияда тутган  муносабати борасида таҳсинларга сазовор бўлди. Жумладан, ҳукумат кескин иҳоталаниш ва чегараларни ёпиш бўйича зудлик билан қарор чиқарди. Ҳозирда коронавирус 12 нафар Янги Зеландиялик умрига зомин бўлган. Мазкур манзарада  ўлим ҳолати  Американикига нисбатан 50 баробар оздир.

Ер ости яширин жойлари қуришга ихтисослаштирилган Калифорниядаги Vivos  компанияси бошлиғи Роберто Вичинонинг айтишича, америкаликларни кўпроқ пандемиянинг ўзи эмас, балким унинг иқтисодда келтириб чиқариши мумкин оқибати қўрқувга солган.

“Коронавирус қаршисида инсон зоти нақадар ожиз  эканлигини англаб етдик, аслида эса одамларни  унинг оқибати ташвишга туширмоқда”-дейди Вичино. Вичино мижозлари, дунё миқёсида бир фоизнигина ташкил этадиган бадавлат кишилар глобал иқтисодий депрессия аҳолини уларга қарши қўзғатишидан хавотирланяпти.

Vivos корпорацияси ҳозирда  Янги Зеландиянинг Жанубий оролида 300 кишилик бункер ўрнатиб бўлди. Бундан ташқари, қўшимча яширин макон  қуриб беришни сўраб Вичинога яна икки бадавлат   мижоз илтимос билан чиққан. АҚШда эса Индиана ва Дакота компанияси  бункерларига ўнлаб оилалар аллақачон кўчиб  олган. Шунга ўхшаш яширин жойлар  яқин кунларда Германияда ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда,  деб ёзади Bloomberg агентлиги.