МУЛОҲАЗА

“COronaVIrus Disease 2019” ҳикмати: ёхуд иккинчи тоифадагилар

Талабалигимизда “Экология” фанидан домламиз: “Инсониятга фақат ҳашаротлар бас кела олади. Қолган барча жонивору жонзотларни инсон қириб юборишга қодир”, дегандилар. Устозимиз микроорганизмларни нега бу рўйхатга қўшмаган эканлар, билмадиму, аммо бу икки тур шиддатли равишда урчиш хусусиятига кўра ўзаро ўхшаш ва айни хусусиятига кўра инсонлар билан рақобатлаша олади, назаримда.

Домламиз ўшанда бу гапни инсониятнинг кучини кўз-кўз қилиш учун айтмагандилар, аксинча, унинг нақадар ожиз эканлигини эътироф этиш мақсадида айтгандилар. Дарҳақиқат, оммавий қирғин қуролларини кашф этган, космосда туриб Ернинг ҳар бир қаричини назорат қилаётган, энг кичик заррани ҳам бўлакларга бўлиб тадқиқ қилаётган инсон, аслида, шу қадар ожизми?

Ушбу саволга жавоб бериш нуқтаи назаридан инсонларни икки тоифага ажратиш мумкин: ожизлигини тан оладиганлар ва ўз қавмининг куч-қудратини устун қўювчилар. Биринчи тоифадагилар мислсиз куч-қудратни ал-Қодир сифатли зотга хос деб биладилар ва Унга эътиқод қиладилар, Унинг олдида ўзларини ожиз санайдилар. Иккинчи тоифадагилар эътиқодда адашганлар бўлиб, улар инсоннинг “мислсиз” онг ва тафаккурига, интеллектига эътиқод қилишади. Уларнинг айни ҳолати ўта кулгили: бу зарранинг “Мен чексизликдан каттаман!” дея аҳмоқона даъво қилишига ўхшайди.

Бунга кейин яна қайтамиз…

* * *

Бир неча ойларки, инсоният вабодан – фанда “CoViD 2019” деб номланган янги вирусдан азият чекмоқда. Ушбу вирус масштабининг катталиги билан мисли кўрилмаган оқибатларини намоён қилмоқда. Вирус билан зарарланганлар ва ўлим кўрсаткичи кун сайин шиддатли равишда ўсиб бормоқда. Бутун дунёда одамлар “CoViD 2019” хавфи билан яшамоқдалар. Бу одамлар, жамоалар ёки мамлакатлар ўртасидаги урушдан ҳам хавфлироқ: урушда душманингни кўра оласан, аммо бу маҳорабада “душман” кўзга ташланмайди. Аммо бугун бу ҳақида эмас, унинг моҳияти ҳақида, сабаб ва оқибатлари ҳақида фикр юритмоқчиман. Зеро, ҳеч қандай оқибат сабабсиз юз бермагани каби, ҳар қандай сабаб ҳам оқибатларини намоён қилмай қўймайди.

Хўш, ўтган йилнинг поёнида одам организмига кириб олган бу “митти душман” қандай сабабларга кўра пайдо бўлди? Бу саволга жавоб бериш асносида ҳам инсонлар яна икки тоифага бўлиниб қолди: биринчи тоифадагилар вирус табиий равишда пайдо бўлган, эҳтиётсизлик оқибатида инсонга юққан, деган фикрда. Иккинчи тоифадагилар вирус лаборатория шароитида сунъий равишда яратилган ва онгли равишда инсонларга юқтирилган, деган назарияни илгари суришмоқда. Бу икки тоифа ўзаро қанчалик ҳақ эканини билмадим, аммо бир нарса аён: ҳар икки ҳолатда ҳам инсонлар, яъни ўзимиз айбдормиз. Лекин бу айб кўршапалакни еган хитойликларда ёки вирусни лабораторияда яратган қандайдир олимларда ҳам эмас. Менинг назаримда, улар шунчаки воситачи, холос.

Бунга кейин яна қайтамиз…

* * *

Ожизлигини тан оладиган инсонлар ҳеч бир иш Аллоҳнинг изнисиз юз беришига ишонмайдилар. Бу эса имон белгиси. Имони мустаҳкам киши ҳар бир яхшилик ва ёмонликни Аллоҳдан деб билади. Улар Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди, деган ҳақиқатга ишонадилар.

Инсоннинг куч-қудратини устун деб билувчилар эса, одатда, тақдири азалга ишонмайдилар. Буни англаш уларнинг қарашларига хос эмас. Модомики, англаган тақдирларида, энди улар биринчи тоифадан жой олишади.

Иккала тоифанинг бирлашувини, яна ҳам тўғрироғи, иккинчи тоифанинг биринчи тоифага келиб қўшилишларини инсониятнинг том маънодаги тантанаси дейиш мумкин. Аммо бунинг амалга ошиши инсониятнинг бугунги ҳолатида эҳтимолдан жуда узоқ. Аммо билишимиз керак, бу қанча тез содир бўлса, муқаррар қиёмат биздан шунча узоқлашади. Акс ҳолда, чексиз фазони тадқиқ қилаётган инсоният интиҳосини Аллоҳ энг кичик зарралар воситасида ҳам амалга оширишга қодир. Чунки У Қодир ва Қайюм зотдир.

* * *

Эътиқодида адашган иккинчи тоифадагилар бугун дунёни бошқармоқдалар, уларнинг ўзларини эса нафс… Улар ҳамма жамиятларда, деярли барча жамоаларда мавжуд. Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган қонли тўқнашувлар, сиёсий можаролар, ахборот майдонидаги курашлар, жамоаларда ижтимоий муносабатлардаги келишмовчиликлар, қўйингки, барча катта-кичик зиддиятларнинг ортида ўз мавқейини мустаҳкамлашга интилаётган нафс гирдобидаги инсон ёки инсонлар жамоасини кўрасиз.

Улар хасталанган қалблари манфаатпарастлик дардига чалинганини, ҳатто, сезишмайди ҳам. Уларнинг муайян жамоада ўзининг, кенгроқ маънода, инсоният ҳамжамиятида ёки дунё мамлакатлари орасида ўз жамоасининг мавқейини мустаҳкамлашга қаратилган хатти-ҳаракатлари ёлғон эътиқоднинг жилваланаётган саробидир. Агар улар рост эътиқод сари юз бурсалар эди, бу хатти-ҳаракатлар, унга сарфланаётган куч ва салоҳият, шубҳасиз, Аллоҳ ҳузурида мавқейини мустаҳкамлашга қаратилган амалларга айланарди. Ўшанда инсоният учун яшаш анча осонлашган бўларди. Аммо бунинг амалга ошиши инсониятнинг бугунги ҳолатида эҳтимолдан жуда узоқ.

* * *

Энди эътиборингизни инсониятнинг бугунги қиёфасини акс эттирувчи айрим лавҳаларга қаратаман.

Суратдаги ушбу қизчанинг исми Мая. У снаряд портлаши натижасида оёқларидан ажралган. Мая ҳозирда 8 ёшга тўлган ва мактабга отасининг консерва қутиларидан қилинган ясама оёқларида бориб келади. Мая ва унинг оиласи АҚШнинг Суриядаги режимидан қочиб, айни дамда Туркия чегарасидаги Сер Жебледа қочоқлар учун мўлжалланган оддий чодирда яшашади.

Маяни оёқларидан айирган сиёсат арбоблари, серҳашам ва серюлдуз касб либосли зобитлар Маянинг мунгли боқаётган кўзларига бир зумгина тикилиб туришга қодирмиканлар? Улар ал-Муқсит сифатли зотдан қўрқишсалар эди, бундай қабиҳ ишларни қилмаган бўлармиди, эҳтимол. Ўшанда биз буни инсониятнинг буюк тантанаси дея эътироф этсак арзирди. Аммо, бу инсониятнинг ҳозирги ҳолатида эҳтимолдан жуда узоқ.

Шарқий Ғута (Сурия) даги фаоллар ижтимоий тармоқларда бутун дунёга овозларини эшиттириш учун “Мен ҳалиям яшаяпман!” ҳаштеги остида кампания ўтказишди. Унга кўра бутунлай вайронага айланган шаҳар фонида ўнг қўлларини юқорига кўтариб турган болаларнинг суратлари чоп этилди.

         Солим исмли бола: “Биз Ғутада яшаб турибмиз. Алҳамдулиллаҳ, собит турибмиз. Биз бомбардимонлардан қўрқамиз. Ертўлаларда очликдан қийналиб кун кечиряпмиз”.

         Ёман исмли бола: “Алҳамдулиллаҳ, мен тирикман. Ҳужумлар ва қирғинларга қарамай, мен тирикман!”

Суриядаги қонли можаролар ва вайронкор урушни амалга ошираётганлар ҳам, аслида, “ҳазрат” сифатига эришиши мумкин бўлган инсонлар. Афсус, улар ўзи мансуб зотга иснод келтириб, бунинг ортидан гўёки бойлик орттирмоқдалар, аслида эса, хорлик сари юз бурмоқдалар. Улар ал-Қаҳҳор сифатли зотдан қўрқсалар эди, Ғанийлик сифати фақат Яратгангагина хос эканлигини англасалар эди, инсонлар ўз тантаналарини нишонласалар бўларди. Аммо, инсониятнинг ҳозирги шароитида бу эҳтимолдан жуда узоқ.

Суратда камерани қурол деб ўйлаган 4 яшар суриялик қизалоқ тасвирланган. У қўлчаларини баланд кўтарган ҳолда, “Таслимман!” дея ишора қилади. Сураткаш у болажоннинг кўзларида кучли қўрқувни кўрган, қизалоқ йиғлаб юбормаслик учун лабарини маҳкам жуфтлаб олган…

Бу каби норасида гўдакларнинг мурғак юракчаларига қўрқув ва алам туйғуларини жойлаган, ўзларини гўёки кибор санайдиган, аслида амаллари тубан кимсалар шу қизчанинг ўкинч тўла нигоҳларига боқиб нималарни ҳис қилар эканлар? Улар бутун дунёда миллионлаб шу каби гўдакларнинг бахтиёр ёшлик дамларининг армонга айланишида ўзларини айбдор санармиканлар? Улар Мутакаббир сифатини Аллоҳ бандалари билан бўлишмаслигини англаганларида эди, қанчадан-қанча бахтсиз гўдаклар саодатманд ҳаёт кечираётган бўларди. Ўшанда бизнинг қавмимизга “шарифлик” сифатини тантана қилиш ярашарди. Аммо, инсониятнинг ҳозирги ҳолатида бу эҳтимолдан жуда узоқ.

* * *

Болаликнинг қандай кечиши инсон учун жуда кўп нарсани ҳал қилади. Улар учун бахтли бўлмаслик жамият учун ўта хатарли. Модомики, болалар бахтсиз эканлар, унга биз – катталар айбдормиз.

* * *

Бир неча ойдирки, Ер юзида қонли можаролар камайган, ўзаро зиддиятлар юмшаган, ижтимоий муносабатлар ҳам яхши томонга ўзгармоқда. Бунга Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлиб, бугунги кунда деярли Ер юзини “забд” этган ўша “миттигина мавжудот” сабабчи. “CoViD 2019” барча мамлакатларни, барча инсонларни ўзларини-ўзлари билан овора қилиб қўйди. Эҳтимол, бу ўша Мая, Ёман, Солим каби миллионлаб норасида гўдакларнинг армонга айланган бахтиёр болалиги; қонли можаролар, сабабсиз тўкилган қонлар; бир жинсли никоҳни ёқлаб қилинган намойишлар ва унинг оқибатида Яратганнинг иродасига қарши ўлароқ “яралган” ғайритабиий оилалар; гиёҳвандлик ва одам савдоси каби сон-саноқсиз иллатлар учун ал-Мунтақим сифатли зотнинг осий бандаларига юборган жазосидир.

Нима бўлганда ҳам, инсониятга бугун хавф солаётган вабо Аллоҳнинг измидан ташқарида эмас. Чунки аз-Зорр сифатли зот яхшини ҳам, ёмонни ҳам, фойдалини ҳам, зарарлини ҳам яратади ва шу орқали хоҳлаган махлуқотларига Ўз ҳикмати ила зарар етказади. Ҳикмат эса уни излаганларга бўй кўрсатади. Афсуски, бугун иккинчи тоифа инсонлар яна ўз анъаналарига содиқ қолишиб, бу ишда айбдорни қидириш билан оворалар. Дунёга ҳумронлик қиламан деган айрим мамлакатлар бу борада Хитойни ушбу вирусни сунъий равишда яратганликда, агар бу тасдиқланса, уларни муносиб жазолашга ваъдалар беришмоқда. Бу билан улар Аллоҳнинг “аз-Зорр” сифатли ҳикматини тан олишмаётганини намоён этишмоқда.

Шу тобда инсониятга қарата: “Эй, одамлар, кўзингизни очинг, бу бало ўз қавмингиздан эмас, Яратганнинг изми билан келяпти. Ундаги ҳикматни ўқинг: зулмдан қайтинг, Яратганга итоат қилинг, унинг буюрганидан бошқа амалларга уринманг!!!” дея ҳайқиргим келяпти!

Афсус, менинг ҳайқириғимни кўпчилик эшитмайди!

* * *

Аллоҳнинг буюк ҳикматини англаб, Яратганга илтижо қилувчилар, истиғфор айтувчилар кўпайди, алҳамдулиллаҳ. Ар-Роувф ва ал-Афвву сифатли зот бандаларининг гуноҳу маъсиятларининг кенг раҳмати билан кечириб юборувчидир. Ўзининг афвига ишонамиз ва, иншааллоҳ, бу балолардан ҳам қутулармиз.

Айримлар “Инсоният тарихи коронавирусга қадар ва ундан кейинги даврга бўлинади”, дея иддао қилишмоқда. Бунга ишонадиган бўлсак, кўпчилик инсонлар бу вабодан ҳикмат топадилар. Шундай экан, айрим умидбахш хулосалар билан мулоҳазаларимга якун ясамоқчиман.

Демак, коронавирусдан кейин, иншааллоҳ:

  • одамлар орасида тиббий маданияти, соғлом турмуш тарзига амал қилувчилар сони ошади;
  • одамлар орасида кибр, манманлик ва ўз мол-дунёси ҳамда кучига ишонч ҳисси камаяди;
  • инсоният ҳамжамиятида ваҳшийлик, зўравонлик камаяди, ўзаро меҳр-оқибат ва инсоний муносабатлар кучаяди;
  • эътиқодсизлар сони камаяди, ёлғон эътиқоддагиларнинг рост эътиқод сари “оқиши” кучаяди;
  • Ислом динининг нуфузи ошади ва унга эътиқод қилувчилар нуфуси кенгаяди.

Ва, ниҳоят, сўнгги хулоса: давлатлар ўртасидаги ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар камайишига умид қиламан, аммо бу умид шуъласининг ловуллаган алангага айланиши, афсуски, инсониятнинг ҳозирги ҳолатида эҳтимолдан жуда узоқ.

Умид ХЎЖАМҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди