
Украина расмийлари жорий йилнинг ёзигача Киевнинг иттифоқчилари ўқ-дорилар етказиб беришни сезиларли даражада ошира олмаса, Россия Қуролли кучларининг ҳужуми сезиларли даражада кучайиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Улар россияликларнинг Украина Қуролли кучлари мудофаасини ёриб ўтиш хавфини кўрмоқда. Бу ҳақда Украина расмий органлари таҳлиллари билан таниш бўлган манбага таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, Киевнинг жанг майдонидаги вазиятга баҳоси аянчли бўлиб бормоқда. Бунга сабаб эса Украина бўлинмаларининг Россия ҳужумларини ушлаб туриш учун ишлатиши мумкин бўлган ўқлар сонини чеклаши зарурлигидир. Украина шарқидаги Авдеевка ва яна бир қанча қишлоқларнинг бой берилгани, шунингдек, Конгресс АҚШнинг муҳим ёрдамини кечиктиргани Украина мудофааси Россия ҳужумига дош бера олмаслиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирган.
“Бу Киевнинг иттифоқчилари учун огоҳлантириш қўнғироғи бўлиши керак”, дея иқтибос келтиради агентлик номи ошкор этилмаган европалик амалдорнинг сўзларидан.
Манбага кўра, Россия Президенти Владимир Путин ҳамон Украинанинг йирик шаҳарларини, жумладан Киев ва Одессани қўлга киритишга интилмоқда. Украина разведкаси маълумотларига кўра, Одессанинг босиб олиниши Путинга Украинадан ғалла экспортини тўхтатишга ва Кишинёв билан қарама-қаршиликда Россия Федерациясидан ҳимоя сўраган Приднестровияга киришга имкон беради.
Шу билан бирга, Россия Федерациясининг жорий ҳарбий кампания натижалари ёзда Украина мудофаасини ёриб ўтиш учун секин ҳужумни давом эттириш ёки каттароқ зарба бериш учун ресурсларни тўплаш тўғрисида қарор қабул қилинишини кўрсатади.
“Икки йиллик уруш Россия кучларини толиқтириб юборди, шу боис кенг кўламли ҳужум Кремль учун муаммо бўлади”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, кеча, 29 февраль куни Россия Президенти Федерал Мажлисга мурожаати чоғида «россияликларнинг мутлақ кўпчилиги» у Украинага қарши бошлаган урушни қўллаб-қувватлашини айтди. Бундан ташқари, у Украина ҳудудига хорижий қўшинлар юборилса, “фожиали оқибатларга олиб келиши” билан таҳдид қилди ва Ғарбни “Украина, Яқин Шарқ ва дунёнинг бошқа минтақаларида можароларни қўзғатаётганликда” айблади.