СПОРТ

Марралар юксак – эришиш машаққатли

Ҳар бир мамлакат довруғини дунёга танитишда спортнинг муҳим ўрни бор. Чунки спортчиларнинг ютуғи уни танитиш баробарида қайси мамлакат фуқароси эканлигини, ўша мамлакатда спортга ва спортчиларга бўлган эътиборни ҳам кўрсатади.

Сурхондарёлик параспортчилар нафақат республика миқёсида, балки халқаро мусобақа ва олимпиадаларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритиб келишмоқда. Бу ютуқларнинг замирида Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлимининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда.

Паралимпия бутун дунёга ёйилган хайрли ва савобли ҳаракатлардан саналади. Шунинг учун, ҳукуматимиз томонидан соҳа ривожига қаратилаётган эътибордан имконияти чекланганлар ҳам четда қолаётгани йўқ. Қувонарлиси, улар ҳам спортнинг турли йўналишларида катта мувафаққиятларга эришиб келишаяпти. Бу борадаги натижаларнинг қўлга киритилишида эса Президент қарор ва фармонлари, унинг ижроси юзасидан амалга оширилиб келинаётган ислоҳотларнинг ўрни аҳамиятлидир.

Биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 18-майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 5114-сон қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳам бунга бир мисол.

2021 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтказилиб, 349-сонли гувоҳномага асосан ташкил топган. Паралимпия қўмитаси худудий бўлимида 4-нафар ишчи хизматчилар фаолияти йўлга қўйилиб, қисқа муддатда Сурхондарёда паралимпия спорт турларининг 12 йўналиши бўйича спорт гуруҳлари шакллантирилди.

Пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара стол тенниси, пара сузиш, пара шахмат, 5х5 футбол, голбол, пара бадминтон, пара таэквондо, пара велоспорт, пара пауэрлифтинг, пара камондан ўқ отиш турларидан 590-нафар жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган ёш спортчилар туман, шаҳарларда жойлашган спорт мактаб ва махсус мактаб интернатларида параспорт турлари билан шуғулланиб, ERP-ягона электрон бошқарув тизимидан рўйхатдан ўтказилди.

Вилоят бўйича 61 нафар параспортчи Республика Миллий терма жамоа аъзоси сафига киритилиб, шундан 16 нафари 5 та параспорт туридан жаҳон бўйича ўтказилиб келинаётган мусобақаларда иштирок этиб келмоқда. Эришилаётган натижалар ҳам қувонарли.

2023-йил 16-29-октябр кунлари Хитой давлатининг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг ҳар томонлама тайёрлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш, уларда олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида кенг имкониятлар яратилди.

Спортчиларимиз Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларидаиштирок этиб, катта натижаларини қўлга киритишди.Жумладан, пара таэквондо спорт туридан Гулжаной Наимова, Асилбек Хусанов,  пара дзюдо спорт туридан Феруза Эргашова, Лобар Хуррамова ҳамда Турғун Абдиевлар, пара академик эшкак эшиш спорт тури бўйича Муҳайё Абдусатторова, пара енгил атлетика спорт тури иштирокчиси Маъруфжон Муродуллаевлар фахрли 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритишгани вилоятда бу борада амалга оширилган ишларнинг самарасини яққол намоён этди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган параспортчилар ҳамда уларни тайёрлаган тренерлар пул мукофоти билан тақдирланди.     

-Бу натижаларга эришилиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ, дейди Паралимпия қўмитаси Сурхондарё вилоят  ҳудудий бўлими бошлиғи Абдуолим Усмонов. -Мутахассис ва мураббийлар, параспортчиларнинг тинимсиз меҳнатлари ана шундай ютуқларни қўлга киритиш имконини берди. 2022-2023 ўқув йили давомида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида параспорт турларидан жами 85 нафар тренер ва мутахассислар ўқиб махсус сертификатга эга бўлишди. Улар ҳозирги кунда туман ва шаҳар спорт мактаблари ва ихтисосолаштирилган спорт мактаби Олимпия ва паралимпия турларига тайёрлаш, спорт коллежи махсус мактаб интернатиларида таҳсил олаётган ногиронлиги бўлган шахсларни спорт жалб этган холда, уларни спорт машғулотлари билан шуғиллантириш устида меҳнат қилишмоқда.

Бундан ташқари, Паралимпия қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2023 йил октябр ойида ўтказилган давлат грантида  иштирок этиб, 35 млн сўмлик маблағни қўлга киритишди.

Ажратилган маблағ ҳисобига, Бандихон тумани ҳокимлиги ҳамда туман спорт мактаби ҳамкорлигида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ногиронлиги бўлган шахслар спортнинг 5Х5 футбол машғулоти билан шуғулланишлари учун қулайлик яратиш ҳамда параспортни ривожлантириш мақсадида 20/40 ҳажмдаги футбол майдончасини қуриш мақсад қилинган.

2024 йилда Франция давлати Париж шаҳрида ўтказиладиган Париж-24 олимпиада мусобақасида сурхондарёлик параспортчиларидан 12 нафар спортчи иштирок этиши режалаштирилган.

Жорий йилда туман, шаҳар спорт мактаблари ҳамда Олий таьлим, махсус мактаб интернетларида фаолият юритиб келаётган тренер мутахассисларни Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтига юборилади.  

Режага кўра, 100 нафар тренер ва мутахассислар малака ошириш курсида ўқиши учун  вилоят спорт бошқармаси ҳамда паралимпия қўмитаси ҳудудий бўлими томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Айни пайтда Сурхондарёда спортга лаёқатли ногиронлиги бўлган параспротчилар 953 нафарни ташкил этади.

Вилоятда параспорт турларини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ҳам тайёрланган. Хусусан, параспортчиларни доимий спорт машғулотлари билан шуғулланишларини ташкил этиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт мактабларига қатнашида оралиқ масофани ҳисобга олиб, вилоят марказида параспорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитларга эга бўлган 60 ўринли ётоқхона ажратилиши лозим.

Шунингдек,  параспорт турлари билан шуғулланувчи спортчиларни спорт жиҳозлари билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни спорт турлари классификацияларини белгилашда тажрибали тиббиёт шифокорларни жаҳон стандартлари бўйича ўқитиш, малакасини ошириш чораларини кўриш эришилаётган ютуқлар кўламини янада кенгайишига замин яратади.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Инсон – жамият – давлат” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan