ДУНЁ

АҚШда норозилик намойишлари тўлқини. Трамп уларни қўлламоқда

Вирус ёйилишининг олдини олишга қаратилган чеклов меъёрлари яна ҳам узайтирилиши ва ишсизлар сони 22 миллион нафардан ошгани сабабли иҳоталаш тартибини бекор қилиш талаб этилган норозилик  намойишлари АҚШнинг деярли барча штатларида бўлиб ўтмоқда, дейилади The Daily Telegraf мақоласида. Жумладан, Колорадо пойтахти Денверда юзлаб одамлар йиғилиб, карантин даврида иқтисоднинг тўхташи – чоралар қутқариши мумкин бўлган кишилар сонига арзимаслиги борасидаги  баёнот билан чиқишди. Тўпланганлар олдига тиббий либосда кийинган шахслар хозир бўлишиб, коронавирус хавфидан огоҳлантиришга уринишди. АҚШ президенти Д.Трамп мазкур ҳодисага брифинг чоғида изоҳ бераркан, намойишчиларни қувватлашини билдирди, уларни” одатий ҳаёт тарзига шунчаки қайтишни истаётган ажойиб ва  ватанпарвар одамлар” деб атади.

Бир қанча Америка штатлари губернаторлари Оқ Уй раҳбарининг бу “қилиғини” куракда турмас, деб баҳолади. Вашингтон губернатори Жей Инслига кўра, Трампнинг сўзлари аҳолини қонунни бузишга чорлайди. Бошқа губернаторлар карантин чораларини юмшатишга тўсиқ бўлаётган омил сирасига тест жиҳозлари етишмаслиги муаммосини санашади, айнан тестлар кишиларни одатий ҳаёт тартибига қайтара олади. Covid Traking лойиҳаси тадқиқотига кўра, АҚШда ҳар куни 2 миллионта тест ўтказилади. Юқумли касалликлар мутахассислари бунинг суръатини  уч бараварига кўпайтириш таклифи билан чиқишган. Иммунолог Энтони Фаучи намойишчиларни- уларнинг бундай ҳатти-ҳаракати вирус тарқалишини жиловлашни орқага тортиши ва мамлакат иқтисодиётини тиклашга ҳалақит бериши ҳақида огоҳлантирди. Республикачилар партияси вакиллари етакчилик қилаётган штатларда бу ҳафтадан карантин чоралари қисман бекор қилина  бошланди. Шу билан бир навбатда дунёнинг қатор мамлакатлари, Бразилия, Кения, Исроил, Франция, Россия, Ҳиндистон, Ливан ва Ироқда ҳам норозиликлар  намойишлари  кузатилди. Мазкур давлатлар ҳам ҳоҳ бу , ҳоҳ бошқача шаклда бўлсин, мажбурий карантин чораларида қолган. БМТ Бош котиби А.Гутерреш огоҳлантириш билан чиқиб, Халқаро валюта жамғармаси ҳисобига кўра, кейинги юз йил ичида кузатилмаган дунёдаги ишлаб чиқариш суръатининг тушиб кетиши туфайли ижтимоий эҳтирослар юзага қалқиб чиқишидан касаллик билан курашишга шароит янада  мураккаблаши мумкинлигини билдирди. Бразилиядаги намойишлар чоғида президент Жаир Болсанару шахсан ўзи пайдо бўлиб, унинг ибораси билан айтганда, “кичкина шамоллаш” аталмиш вирус хавфи иқтисодий таваккалчиликка йўл қўймаслигини баён қилди.

Италияда руҳшунослар аҳолининг карантин пайтида қанча вақт уйда қолиши ва бунга тоқати етиши қурбини текшириш учун синов ўтказишни таклиф қилишди. Мамлакатда карантин чоралари оилавий зўравонлик можароларини кучайтириб, бундан заиф қатлам вакиллари жабр кўришидан хавотир билдирилмоқда.

Париж ва унинг ташқарисида полиция билан бир қанча тўқнашув ҳолатлари юз берди,  жиноят авж олган ҳудудларда тез ёрдам ходимларига ҳужумлар кузатилди. Энг оғир шароит -даромад даражаси паст бўлган ва ишсизлик ёшлар орасида 40 фоизга тенг ҳудудларда учрамоқда. Полиция текширувлари ва ҳибслар оммавий тўқнашувларга олиб келмоқда, деб ёзади The  Daily Telegraf нашри.