ХАБАРЛАР

АҚШ ҳукумати суддан Каримовнинг яхтасини сотишга рухсат сўрамоқда

АҚШ Адлия вазирлиги суддан санкцияга учраган россиялик миллиардер олигарх Сулаймон Каримовга тегишли бўлган Amadea суперяхтасини сотишга рухсат сўради. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни Манхэттен округ судига тақдим этилган суд ҳужжатларига таяниб. “Bloomberg” хабар берди

Нархи 325 миллион АҚШ доллари турадиган 106 метрлик Amadea яхтаси Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин жорий этилган санкцияларга мувофиқ, 2022 йил 14 апрелда АҚШ талабига биноан Фижида ҳибсга олинган. Америка оммавий ахборот воситалари Amadea бортида жонли омарлар билан аквариум, қўлда бўялган пианино, сузиш ҳавзаси ва вертолёт майдончаси борлигини ёзди. АҚШ маъмурлари яхтани сақлаш учун ойига 600 минг доллар тўлашини айтишди.

“Bloomberg” иқтибос келтирган маълумотларга кўра, давлат бюджетидан олинадиган ҳар ойлик тўловлар экипажга ҳақ тўлаш учун 360 минг доллар, яхта ёқилғиси учун 75 минг доллар ва техник хизмат кўрсатиш, чиқиндини олиб ташлаш ва бошқа харажатлар учун 165 минг долларни ўз ичига олади. 

“Америкалик солиқ тўловчилар яхтани мусодара қилиш масаласи кўриб чиқилаётган вақтда уни сақлаш учун пул тўламаслиги керак”, дейилади яхта мусодара қилинганидан деярли икки йил ўтиб судга тақдим этилган ҳужжатда.

Қайд этиш жоизки, яхтанинг аниқ эгаси ким эканини суд ҳал қилиши керак. Роснефть корпорациясининг собиқ раҳбари, санкциялар остида қолмаган Эдуард Худайнатов  яхта ўзига тегишли эканини даъво қилмоқда. “Bloomberg” маълумотларига кўра, бу тадбиркор яхта ўзига қайтариб берилса, уни сақлаш учун сарфланган 20 миллион долларни тўлашга ваъда берган. АҚШ расмийлари Amadea’ни сақлаш учун тўловларни тўлаш учун тадбиркор билан музокаралар олиб боришди, аммо музокаралар муваффақиятсиз тугади.

Манбага кўра, Худайнатов 700 миллион долларлик 140 метрлик «Шаҳризода» суперяхтасига ҳам эгалик қилишини даъво қилмоқда. Ўз терговида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳамкорлари бу яхтани бевосита Россия Президенти Владимир Путин билан боғлаган. АҚШ расмийлари ҳар икки ҳолатда ҳам россиялик тадбиркор ўзининг асосий шахс сифатида ҳаракат қилаётганини ва Каримов, хусусан, Амадеа ширкатига эгалигини яшираётганини таъкидламоқда. Улар Россия ҳукуматидаги олигархни яхтанинг «эгаси» деб атайди.

Америка расмийларининг Amadea суперяхтасини мусодара қилиш талаби аллақачон АҚШ Адлия вазирлигининг 2023 йил 23 октябрдаги пресс-релизида баён этилган. Шу куни Нью-Йоркнинг жанубий округида олигарх Каримовга қарши санкциялардан бўйин товлаганлик ва пул ювиш айби билан 106 метрлик ҳашаматли кемани фуқаролик иши бўйича мусодара қилиш тўғрисидаги даъво қўзғатилган. 

Вазирлик маълумотларига кўра, Каримов 2021 йилда Amadea’ни сотиб олган ва кейин Америка молия институтлари орқали 1 миллион доллардан ортиқ маблағ ўтказиб, санкцияларни бузган. Кечаги ариза Америка Қўшма Штатлари Amadea’га эгалик қилиш мақсадида уни кимошди савдосига қўйиш учун сўраладиган узоқ давом этадиган қонуний жараённинг бошланишини англатади. АҚШ сотувдан тушган даромадни Украинага ўтказиш ниятида.

“Forbes” журналига кўра, Каримов ва унинг оиласининг бойлиги 10,7 миллиард долларга баҳоланган. У бойлигининг катта қисмини Россиянинг олтин қазиб олувчи “Полюс” компаниясидаги улуши орқали қўлга киритган. 2014 ва 2018 йилларда АҚШ Молия вазирлиги Каримовга Россия Федерациясининг Сурия ва Украинадаги ҳаракатлари муносабати билан санкциялар киритган. Ушбу санкциялар олигархга Америка молия тизимига киришни тақиқлади. “Полюс”га қарши санкциялар эса 2023 йилнинг май ойида киритилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan