САЛОМАТЛИК

Соvid-19 ни аниқлашда итлар ёрдамига зарурат сезилмоқда

Коронавирусга текширишда тест жиҳозлари тақчиллигини енгиш учун британияликлар антиқа усулни ўйлаб топишди, деб хабар қилади Bild. Бунинг учун улар Covid-19 ҳидини фарқлай оладиган итлардан фойдаланишни мақсад қилишган.

Лондон университетитетининг касалликларни назорат этиш бўлими бошлиғи Жеймс Логаннинг фикрига кўра, итлар мустаҳкам ҳид билиш қобилиятига эга. Агар коронавируснинг ўзига хос ҳиди борлиги аниқланса, буни илғашга итларни  ўргата оламиз.

Британиянинг Medical detection dogs ташкилоти аллақачон жониворларни бунга тайёрламоқда. Ўргатиш пайтида улар олдига саккизта ёпиқ қути қўйилади ва улар керакли ҳидни пайқашганда, буни билдириб вовуллашади. Кинолог Роб Харриснинг айтишича, улар ўтган йилларда бу борада ижобий натижаларга эришган. 13 йиллик тажриба асносида ўлим билан тугайдиган касалликларни аниқлашда итлар ёрдамидан фойдаланилган. Простата ва пешоб йўли раки, Паркинсон касаллиги ва малярия шулар жумласидандир.  Бу ташкилотни Клэр Гэст очган.

Унинг айтишича, тиббий тест билан бир қаторда итларнинг хизмати  вирус тарқалишини ушлаб тура олиши мумкин. Улар ҳидга ўргангандан кейин жамоат жойларига олиб бориш мумкин бўлади ва бешта кучукдан иборат битта гуруҳ кунига 4,5 минг кишида вирус бор ёки йўқлигини аниқлаш имконига эга бўлади.