ХАБАРЛАР

Санэпидқўмита зарарли ҳаводан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берди

Санитария эпидемиологик осойишталик маркази сўнгги вақтларда Тошкент ҳавоси таркибида PM2,5 дисперс заррачалари меъёридан бир неча ўн баробар кўпайганини таъкидлаб, ундан ҳимояланиш бўйича тиббий тавсиялар берди.

Қайд этилишича, атмосфера ҳавосидаги муаллақ РМ2,5 заррачалари нафас йўлидан ўтувчи заррачалардир. Улар газ алмашинуви содир бўладиган алвеолалар ва ўпка капиллярларига кириб, тизимли қон оқимидан ўтади. Турли органларга кириб, тўқималарнинг ҳужайраларига бевосита маҳаллий таъсир кўрсатади.

Экспертларнинг сўзларига кўра, майда дисперс заррачалар ҳужайра мембраналарига кириб бориш қобилиятига эга. Бундан ташқари, уларнинг органлар ва тўқималарда сурункали тўпланиш хавфи мавжуд.

Атмосфера ҳавосида РМ10 ва РМ2`нинг юқори концентрациясига узоқ муддатли таъсир қилиш яллиғланиш, канцероген, тератоген, ситотоксик таъсирга эга бўлиб, аллергопатологиянинг ривожланишига ҳисса қўшади ва инсоннинг умр кўриш давомийлигига таъсир қилади.

Мутахассислар бу заррачаларидан ҳимояланиш учун хона ёки иншоотларнинг пол ва токчалари, улар ичидаги буюм ҳамда ашёларни нам латта билан тозалаб туришни маслаҳат бермоқда. Уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилишини эслатиб, нам сочиқларни осиб қўйишни тавсия қилмоқда.

Шунингдек, қуйидаги тавсияларни амалга ошириш зарур:

– деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, айниқса, кечаси ва эрта тонгда эшик ва ойналарни зичлаб ёпиш;

– кўпроқ сув ичиш;

– очиқ ҳавода ҳаракат қилишни чеклаш;

– тез-тез душ қабул қилиш, айниқса, ташқаридан уйга киргач (бу жараён нафас олишни енгиллаштиради);

– оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб ташлаш;

– кўзларни ювиш (айниқса, линзадан фойдаланувчилар учун) тавсия этилади.

Қўмита, шунингдек, нафас олиш тизими касалликларига чалинганлар тиббий ниқобдан фойдаланишлари ва уларни ҳар 2 соатда алмаштиришлари зарурлигини таъкидлади.


LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan