ХАБАРЛАР

Сурхондарёда ўз вазифасига совуққонлик билан ёндошган масъуллар ишдан олинди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган вилоят навбатчилик Штабида охирги 24 соат ичида электр энергияси, газ таъминоти, ичимлик суви, кўмир ёқилғиси ва бошқа масалалар юзасидан аҳолининг мурожаатларини қабул қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди, дея хабар беради вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Унда вилоят вакилларининг ҳудудлар бўйича ҳисоботлари тингланиб, бу борада масъуллар томонидан бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Жумладан, Термиз ва Қумқўрғон туманлари штабларининг электр энергияси бўйича бириктирилган масъуллари жорий ҳолат юзасидан маълумотга эга эмаслиги, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида электр энергияси таъминоти бўйича тезкор ахборотлар йўқлиги, Узун туманида тумангаз таъминот бўлими томонидан аҳолига суюлтирилган газ балонларини етказиб беришда бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги учун Термиз ва Қумқўрғон туманлари штабларига электр энергияси бўйича бириктирилган масъулларни, Узун туманининг суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш шахобчаси раҳбарини ишдан олиш, туман газ таъминот бўлими раҳбарини “хайфсан” интизомий жазосига тортиш масаласини кўриб чиқиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилган.

«Қизириқ туманида электр узатиш тармоқларида содир бўлган чақнаш ҳолатларидан туман ҳокимининг соҳага масъул ўринбосари ва туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчисининг хабари йўқлиги, ўз вақтида керакли чора-тадбирларни кўрмаганлиги танқид қилинди ҳамда туман ҳокимининг ўриносарига “хайфсан” жазоси берилиб, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари вазифасидан озод этилди.

Вилоят раҳбари Шўрчи тумани 2-сектор раҳбарининг ҳудудидаги трансформаторни таъмирлаш, Узун тумани Боботоғ массивида ичимлик суви таъминотидаги носозликни тузатиш масалаларини бугуннинг ўзида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Музработ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи, 1-сектор раҳбарининг ҳудудидаги 3 та маҳалла учун электр таъминотини яхшилаш учун 300 та бетон устун ва электр ҳаво тармоқларини тортиш масаласидаги мурожаати жойига борган ҳолда ўрганилиши белгиланди.

Бундан ташқари Бандихон туманида арзонлаштиришган маҳсулотлар савдо ярмаркаси талаб даражасида ташкил этилмаганлиги танқид қилиниб, бир кун муддатда масъулларга савдо ярмаркаларини сифатли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди», дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan