ХАБАРЛАР

Ким Чен Ин қизини хавфли “ўйинчоқлар” заводига олиб борди (фото)

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин тактик ва стратегик ракеталар учун мобиль учиргичлар ишлаб чиқарувчи заводга ташриф буюрди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Ким Чен Инга унинг қизи ва партиядошлари, жумладан, партия Марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чен ҳамроҳлик қилган. Давлат раҳбари ишлаб чиқариш билан танишиб, жамоанинг меҳнат интизоми, жумладан, унинг ғоявий тайёргарлигига юқори баҳо берган. Маълум қилинишича, завод 2023 йилга мўлжалланган ишлаб чиқариш режасини ортиғи билан бажарган.

“Ким Чен Ин ушбу завод жуда муҳим аҳамиятга эгалигини ва ҳарбий қарама-қаршиликка фаолроқ тайёргарлик кўриш талаб қилинаётган ҳозирги вазиятда у миллий мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича тарихий вазифани бажаришда масъулиятли роль ўйнаши ҳақида гапирди”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, Ким Чен Ин ядровий урушни тўхтатувчи кучларни доимий равишда мустаҳкамлаш ва армиянинг тезкор эҳтиёжларини қондиришда турли тактик ва стратегик қуроллар учун ракеталарни ишлаб чиқариш муҳимлигини таъкидлаган. 

“Yonhap” агентлигига кўра, гап «Хвасон-17» қитъалараро ракеталари ва «Хвасон-18» қаттиқ ёнилғи ракеталари ҳақида кетмоқда.

Манбага кўра, Ким Чен Ин кейинги ва узоқ муддатли ишлаб чиқариш режасини шакллантириш вазифаларини белгилаб берган ва корхона қувватини оширишни буюрган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan