ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Тошкентда ИИО ходими ва кадастр бош мутахассиси пора билан ушланди

Икки ходимга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги бош мутахассиси Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқарога нисбатан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатмаслик масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек тумани ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта инспектори фуқародан ноқонуний тарзда 4 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари томонидан ушланди.

Аниқланишича, у Жиноят Кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумни Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш муассасасидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли жазони ижро этиш муассасасига кўчирилишида ёрдам беришини ваъда қилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan