Қилмиш-қидирмиш, деб бежизга айтишмайди. Ҳар бир қилган жиноятнинг албатта, жазоси бор.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.
Эндигина ўттиз ёшдан ошган, оилали, бир нафар фарзанднинг отаси Ботир Чориев (исм фамилиялар ўзгартирилган) қандай жиноий қилмишга қўл урган?
Аввало шуни қайд этиш жоизки, одамларни алдаш, мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уриниш ҳеч кимга ҳеч қачон яхшилик келтирмаган.
Ботир Чориев ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Термиз туманида жойлашган МЧЖлардан бирининг раҳбари Аҳмад Гулбоевга (исм фамилиялар ўзгартирилган) тегишли бўлган кўп олма мевасини сотиб олишлигини айтиб, унинг ишончига кирган. Пулларини эса 2-3 кунда беришини ваъда қилади.
Шундай қилиб, 297.580.000 сўмлик олма мевасини олиб кетади ва пулларни бермаслик учун транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини Аҳмад Гулбоевга гаров сифатида қолдириб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган жуда кўп миқдордаги 297.580.000 сўм маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Жиноят оқибатида жабрланувчига етказилган зарар суд тергови давомида тўлиқ қопланди. Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтсак.
Маълумки, ҳар қандай жиноий қилмишнинг келиб чиқиш сабаби ва унинг содир этилишига имкон берган шароит бўлади. Масаланинг киши эътиборини тортадиган жиҳати шундаки, баъзи ишонувчан одамларнинг амалда белгилаб қўйилган тартиб-қоидаларга риоя этиш ўрнига мўмай даромад орзусида фирибгарнинг ёлғонига ишонгани кишини афсуслантиради.
Суд мажлисида судланувчи Ботир Чориев айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўз кўрсатувида, унинг ушбу қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд судланувчига нисбатан қилган жиноят ишидан чин дилдан пушаймонлигини инобатга олиб ва оилавий шароитидан келиб чиқиб қилган жиноят ишига мос равишда жазо тайинлади.
Хулоса қилиб айтганда, энг аввал ўзаро муносабатларда, оилада, савдо-сотиқда, ёлғон ишлатишдан тийилишимиз керак ва энг муҳими, фарзандларимизни ҳам ростгўйликка, ҳушёрликка ўргатиб боришимиз даркор. Ёлғон ҳамиша зарар келтиришини, ёлғон гап талофат келтиришини ўзимиз англаб етишимиз зарур. Зотан, фирибгарликнинг асоси ёлғон сўз, ёлғон маълумотдан иборат.
СУЮН БЎТАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси