ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Божхона қўмитаси ходими суғурта компанияси билан тил бириктирганликда гумонланиб ҳибсга олинди

Божхона қўмитаси ходими суғурта компанияси билан тил бириктириб, 145 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланиб ушланди. Қўмита раисининг ўринбосари у ойлаб кузатилгани ва ноябрь охирида ишдан бўшатилганини маълум қилди. Жиноий гуруҳнинг бир неча аъзолари чет элга қочиб кетгани айтилмоқда.

Тармоқларда Божхона қўмитаси божхона тўловлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, божхона тўловлари бўлими бошлиғи Соҳиб Р.Н. ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Илхом Мухторовнинг маълум қилишича, у бошқарма бошлиғи эмас, Соҳиб исмли бўлим ходими бўлган.

«Бу ерда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш йўналишидаги бир амалиёт — суғурта компанияларидан тақдим қилинган суғурта полиси асосида маълум муддатга божхона тўловларини кечиктириш учун рухсат бериш ҳақида гап кетяпти. Рухсат бериш жараёнида ўша ходим суғурта компанияси билан жиноий тил бириктирган. Қўмита раҳбарияти томонидан бу схемани аниқлаш бўйича топшириқ берилган. Жойлардан олинган маълумотлар асосида текширув натижасида 145 миллиардга яқин маблағ суғурталаш орқали ўзлаштиришга эришмоқчи бўлишганини аниқладик», — деди у.

Илхом Мухторовнинг айтишича, ходим қўмитанинг ўз хафсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда 2−3 ой кузатувда бўлган. Кузатув давомида унинг жиноий гуруҳларга аралашиб, уларнинг манфаатлари учун хизмат қилгани аниқланган.

«Хизмат текшируви асосида ходим 23 ноябрь куни ишдан бўшатилганди. Бўшатилгандан кейин мана шу ҳаракатда жиноят элементлари бўлгани учун ходим бугунги кунда ҳибсга олинган»,

Ҳозирда 145 млрд сўм зарардан 84 млрд сўми ундиришга эришилган. Компаниянинг бир-икки ходими чет элга қочиб кетган, улар қидирувга берилган.

«Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган. Ходимимиз устидан керак бўлса, ўзимиз жиноят иши қўзғатиб, ўзимиз тегишли идораларга олиб бориб топшириш имкониятимиз бор», — деди қўмита раиси биринчи ўринбосари.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan