ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Мактабларимизда бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланди

Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан Давлат молиявий назорат бошқармаси мутахассислари жалб қилинган ҳолда, Термиз шаҳар ХТБга қарашли 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2018-2019 йилларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволи ўрганилган. Унда маълум бўлишича, ҳисобчи “UZASBO” компьютер техникаси дастуридан фойдаланган ҳолда, мактабда ишламаган ва ишдан бўшаб кетган 16 нафар фуқароларга иш ҳақи хисоблаб, жами 276,3 млн сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.

Худди шундай, Термиз шаҳар ХТБга қарашли 18-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2018-2019 йилларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволи ҳам ўрганилган. Муассасанинг собиқ ҳисобчиси мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан мактабда умуман ишламаган 11 нафар фуқароларнинг номига банк пластик карточкаларини очиб, “UZASBO” компьютер техникаси дастуридан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг хабардорлигисиз, пластик карточкаларга пул маблағлари ўтказиб ва тўлов қайдномаларига сохта имзолар қўйиш орқали, жами 451,2 млн. сўм пул маблағларини ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборгани аниқланган.

Бюджет маблағларининг ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинганлиги ҳолатлари юзасидан 3-сонли мактаб ҳисобчиси ва 18-сонли мактабнинг собиқ ҳисобчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.