ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Алимент тўламаган оталарга қонуний чоралар қўлланилди

Оила тинч ва тотув бўлиши, жамият тараққиёти ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади. Акс ҳолда бўладиган бўлса оилага моддий ва маънавий зиён етади. Шу боис барча даврларда ҳам оилани асраб авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири бўлиб келган.

Аммо оила муқаддаслигига бефарқ бўлган айрим кишилар ҳам борки, натижада оила аталмиш қўрғон арзимаган сабаблар туфайли бузилиб кетмоқда. Бу эса алимент билан боғлиқ муаммоларнинг ортишига сабаб бўлаётганлиги ҳам бор гап. Албатта, бунда эр хотиннинг муносабатлари хам муҳим аҳамиятга эга.

Бироқ, арзимаган сабаблар билан оилаларнинг бузилиб кетиши, ажримлар сони ортиб бораётганлиги ачинарли ҳолат. Куни кеча Мажбурий ижро бюроси Жарқўрғон тумани бўлими биносида сайёр суд жараёнлари бўлиб ўтди. Унда фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келган оталар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, уларга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланилди.

Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2014 йил 12 декабрдаги буйруғига асосан К.Кдан вояга етмаган 2 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириши белгиланган бўлсада, 10 миллион сўмдан ортиқ алимент пулларини тўламасдан келгани учун К.Кга нисбатан Жарқўрғон туман маъмурий суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган эди.

Бундан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, сайёр суд жараёнида Р.Нга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.

У уч нафар фарзандларини моддий таъминотидан бўйин товлаб келаётганига иқрор бўлди. Р.Нга нисбатан ҳам 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазоси белгиланди.

Шундан сўнг, туман маъмурий суди томонидан алимент пулларини ўз вақтида тўламаган 6 нафар оталарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Оила – ватан ичра кичик ватан. Қачонки, оилалар тинч ва тотув, аҳл-иноқ ҳамда ҳамжиҳат бўлсагина жамият равнақ топаверади.

 

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси