Ҳарбий тадбирлар

Ёнғин содир бўлиши ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида

Мудофаа вазирининг тегишли буйруғи талабларини сифатли ва ўз вақтида бажариш, Сурхондарё вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда шахсий таркиб томонидан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, кузги-қишки мавсумда огоҳликни ошириш мақсадида Термиз, Какайди ва Хайраобод гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмларда ҳарбийлар ва уларнинг оила-аъзолари билан ҳамкорликдаги куч тузилмалари иштирокида профилактик тарғибот тадбири ва амалий машғулотлар ўтказилди. Машғулотга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Сурхонгазтаъминоти” филиали, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси мутахассислари ва махсус техникалари жалб этилди.

Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига мутахассислар томонидан қуйидаги талаблар етказилди:


газ ва электр асбобларидан фойдаланаётганда ёнғин хавфсизлиги чораларига тўлиқ амал қилиш, газ қувурларининг тўғри қўйилганлиги ва унинг созлигини текширтириш, иситиш печларининг дудбурон (тутун мўрилари)ни иситиш мавсуми бошланишидан олдин ва иситиш мавсуми даврида қора қурумлардан тозалатиш;


газга резина қувурлар орқали уланмаслик, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланишни тақиқлаш;


шахсий таркибнинг тутунлардан (ис гази) заҳарланишининг олдини олиш мақсадида вақтинчалик ва доимий хизмат хоналарини иситишда олов чўғи ёки бошқа туташ хусусиятига эга бўлган ҳамда ёнувчи жиҳозлардан фойдаланмаслик;


ишга яроқсиз розетка, ўчиргич (рубилник) ва бошқа электр мосламаларидан фойдаланишни, электр тақсимлагич қалқонларида ва атрофида ҳар хил турдаги бегона нарсаларни сақлашни, ортиқча кучланиш ва қисқа туташув токларидан ҳимоялаш учун қўлбола сақлагичларни қўлламаслик;


ҳарбий шаҳарчалардаги уйларда, хонадонлар ва ётоқхоналарда яшовчи ҳарбий хизматчилар, ишчи ва хизматчилар ва уларнинг оила-аъзолари ўртасида кундалик ҳаётда электр ва газ асбобларидан фойдаланаётганда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишлари борасида йўриқномалар олиб борилди.

Шунингдек, дала ўқув маркази ва полигонларда қўшинларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чораларининг кўрилиши, далда ўқув маркази ва полигонларга чиқишдан олдин ёнғин ўчириш воситаларининг созлиги текширилиши, шахсий таркибни лагерларда ва техникаларда йўналиш даврида ёнғин хавфсизлиги қоидалари билан таништирилиб чиқарилиши, чодирли шаҳарчада 220 волт ток кучланишга эга бўлган электр токидан фойдаланиш мумкин эмаслиги, чодирларда ўрнатилган печ ва бошқа иситиш анжомлари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ҳолда бўлиши, печларда ўт ёқиш бўйича йўриқнома ва ўт ёқувчилар жадвали ишлаб чиқилиши етказилди.

Ёпиқ ҳарбий шаҳарчалар хонадонларида яшовчи ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзолари ўртасида кундалик ҳаётда электр ва газ асбобларидан фойдаланаётганда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишлари борасида йўриқномалар олиб борилди ва машғулотдан сўнг ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича эслатмалар Термиз гарнизони ёнғин назорати инспекцияси ходимлари томонидан тарқатилди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan