Президент қарори амалда: ҳарбийларнинг фарзандларига имтиёзли тавсияномалар топширилди.

Жануби – ғарбий махсус ҳарбий округ тассарруфидаги Термиз гарнизонининг ҳарбий қисм маънавият ва маърифат марказида Термиз, Какайди ҳамда Хайрабод гарнизонларидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар топширилди.

Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идора ходимларининг фарзандлари учун олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун беш фоизли квота ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларининг бакалавриатига танловсиз қабул қилиш тўғрисида тавсияномалар берилиши белгиланган.

Тантанали маросимда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарходжон Шерматов шу ҳақида атрофлича сўз юритди. Белгиланган квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топширишга тайёргарлик кўраётган ҳарбийлар фарзандларига омад тилади. Марҳум ҳарбий хизматчиларнинг хотираси ёд этилди.
–Ватан ҳимоячисининг фарзанди бўлганимдан фахрланаман, – дейди подполковник Низомиддин Кўчаровнинг ўғли Бехруз Рўзимуродов. – Олий таълим муассасасига ўқишга кириши учун ҳарбийларнинг фарзандларига ажратилаётган беш фоизли квота тавсияномасига муносиб кўрилганимдан жуда мамнунман. Бу имтиёздан фойдаланиб, бу йил ўқишга кириб, аъло баҳоларга ўқийман. Келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассис бўлиб етишаман. Бундай эътибор учун давлатимиздан беҳад миннатдорман.

Тадбирда ана шундай имкониятга эга бўлган 43 нафар йигит-қизга беш фоизли квота асосида ўқишга кириш тўғрисидаги тавсиянома топширилди.