ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Андижонда байроқдан юклар устини ёпишда фойдаланган ҳайдовчи жазоланди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда  давлат байроғидан нарсаларнинг устини ёпишда фойдаланган юк машинаси фотосуратлари тарқалганди. Андижон  вилояти ИИББ ахборот хизмати QALAMPIR.UZ га ушбу ҳолат бўйича қонуний чора кўрилганини маълум қилди. 

Айтилишича, автомашина Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи фуқарога тегишли бўлиб, унга нисбатан Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан қонуний жазо чораси қўлланилган.

«Қонунбузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддаси (давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (1 миллион 20 минг сўм) миқдорида жарима қўлланди», дейилади ИИББ ахборот хизмати хабарида.

Маълумот ўрнида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддаси (давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми Ўзбекистон ёки Қорақалпоғистоннинг давлат байроғи, давлат герби ёхуд давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача (1 миллион 20 минг сўм), мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан (1 миллион 20 минг сўм) етти бараваригача (2 миллион 380 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Июль ойида Ўзбекистон давлат байроғидан фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилди.

Унга кўра, қонун билан байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланди, хусусан:

  • байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
  • бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш;
  • столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
  • кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
  • байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал , дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакка, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
  • байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.

Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан белгиланган талабларга мувофиқ фойдаланиш учун масъулият байроқдан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари зиммасига юклатилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan