Uncategorized

Ўзбекистоннинг янги медиа ландшафтини ривожлантириш дастури ишга туширилмоқда

Кеча 12 декабр куни пойтахтимиздаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва ЮНЕСКО билан ҳамкорлигида, Швейцария элчихонаси ҳамда Шейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC)  кўмагида амалга оширилиши мақсад қилинган «Янги медиа трансформация бўйича дастур»ни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда АОКА ҳамда мутасадди халқаро ва маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари, соҳа экспертлари ва мутахассислар, ОАВ ва медиа, шунингдек, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Мамлакатимиз медиа ва коммуникациялар соҳасида янги давр бўсағасида турибди. Бу дастур эса ушбу жараёндаги энг муҳим қадамга айланиши шубҳасиз. Биз ахборот оқимлари ҳайратланарли тезликда ҳаракатланаётган замонда яшаяпмиз. Янги медиа воситалари эса жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнайди. ЮНЕСКО, Швейцария элчихонаси ҳамда Шейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорлик мамлакатимизнинг медиа ландшафтини ривожлантириш ва уни яхшилаш учун ўзига хос имкониятларни яратади, – дея таъкидлади АОКА директори А.Ходжаев қутлов нутқида.

Қайд этилишича, ушбу стратегик ҳамкорлик жорий йил 30 апрелда демократик ислоҳотлар ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган янги Конституция қабул қилинганидан кейин амалга оширилмоқда. 

Янги таҳрирдаги Конституцияда сўз эркинлигини таъминлаш ва ахборотдан фойдаланиш билан боғлиқ давлат сиёсати, институтлар ва соҳа фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш учун самарали ва мустаҳкам механизмларни ишлаб чиқиш зарурати алоҳида кўрсатилган.

Шу нуқтаи назардан, 2023 йил 12 октябрда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамда ЮНЕСКО Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда умумий бюджети 1,6 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи – “Ахборотдан фойдаланиш, институционал жавобгарлик ва оммавий ахборот воситалари компетенциясини кучайтириш орқали Ўзбекистон ҳукумати ва фуқароларининг имкониятларини кенгайтириш” деб номланган 3 йиллик кенг қамровли медиа дастурини амалга ошириш бўйича янги ҳамкорликка киришди. 

Ушбу ташаббус фуқароларнинг ахборотдан фойдаланиш имкониятларини ошириш, институционал масъулиятни кучайтириш ва турли соҳаларда ОАВ ваколатларини яхшилашга қаратилган. 

Дастурнинг асосий йўналишлари:

— ОАВ қонунчилиги ва ахборотдан фойдаланиш;

— ОАВни ривожлантириш;

— ОАВ ва ахборот саводхонлиги. 

Йўналишларнинг тўлиқ тавсифи билан ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan