СИЁСАТ

Эрон Сулаймонийнинг ҳуни учун АҚШдан 50 миллиард талаб қиляпти

Теҳрон олий суди АҚШ маъмурияти, Америка ташкилотлари ва расмийлари 2020 йилда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг “Қудс” махсус бўлинмаси бошлиғи, генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун 50 миллиард доллар товон тўлаши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Эроннинг “IRNA” расмий ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Теҳрон халқаро алоқалар бўйича фуқаролик суди 3 минг 318 шикоятчининг аризаси билан очилган иш бўйича АҚШ давлат муассасалари ва бу давлатнинг хусусий ва юридик шахсларига молиявий ва маънавий зарарни тўлашга чақирган.

Қарорга кўра, АҚШ ҳукуматидан ташқари, 42 нафар жисмоний ва юридик шахслар, жумладан ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп ва собиқ давлат котиби Майк Помпео суиқасдга буйруқ берган, шунингдек, АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари ва уларга алоқадор ташкилотлар 49 миллиард 770 миллион доллар товон пули тўлаши белгиланган.

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Эрон суди 73 нафар америкалик, жумладан Трампга нисбатан “Қосим Сулаймоний ва унинг атрофидагиларга қарши террорчилик ҳаракатлари содир этиш, терроризмни тарғиб қилиш ва асосий инсон ҳуқуқларини бузиш”да айблов хулосаси тайёрланганини эълон қилганди.

Маълумот учун, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Эрон АҚШга қарши фронт очмоқчи эканлигини маълум қилганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan