ЖАМИЯТ

Суд ва талаба ёшлар учрашуви

Сурхондарё вилоят суди раиси ва вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти томонидан Термиз давлат университетида бўлажак ҳуқуқшунослар билан очиқ мулоқот тарзида учрашуви ўтказилди.

Унда вилоят суди раиси Аблқосим Рузиқулов дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституция куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Ф-72-сонли Фармойиши юзасидан тўхталиб, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онгги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилганлигини таъкидлаб ўтди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ушбу Фармойишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, асосий қонунимизда белгиланган демократик, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштириш, “Конституция халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш белгиланган.

Мазкур Фармойишда янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш белгиланганлиги таъкидланди.

-Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирган,- дейди Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти Шавкат Турсунов. -Бунга 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум натижасига кўра 11 та моддадан иборат тегишли Қонуннинг қабул қилиниши асос бўлган, бунга қадар 1992 йилдан буён констититуциямизга жами 15 маротаба ўзгартириш киритилган. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Конституциямизнинг янгиланиши натижасида, моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди, умуман расмийларга кўра, Конституция 65 фоизга янгиланди.

Хусусан, Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи қуйидагича ўзгартирилди:

Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Бошқарувнинг республика шакли – давлат ҳокимиятининг олий органлари халқ томонидан муайян муддатга сайланишини англатади.

Суверен давлат – ўз ҳудудида тўла-тўкис мустақил ҳукмронлик ва мутлақ юрисдикцияга эга бўлиш демакдир.

Демократия эса халқ ҳокимиятини ифода этиб, давлат бошқарувида сайланиш ва ўз вакилларини сайлаш орқали барчанинг тенг ҳуқуқли иштироки таъминланишини кўзда тутади.

Асосий янгилик – ОАВ фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарлик Конституция даражасида белгиланди.

Шунингдек, Шавкат Турсунов Сурхондарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 19 январдаги РС-02-22-сонли қарорига кўра, “Сурхондарё вилоят суди кадрлар захирасини шакллантириш ва ишга қабул қилишда тавсия бериш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланганлиги, мазкур Низом Сурхондарё вилоят умумюрисдикция судлари аппарати кадрлари захирасини шакллантириш тартибини белгилашини, кадрлар захирасини шакллантириш – келгусида Сурхондарё вилоят судининг бошқарув ходимларини лавозимларга ишга қабул қилишдан олдин ўрганиш ва уларни шаффоф ҳамда адолатли танлаш жараёни ҳисобланиши ҳақида фикр юритди.

Учрашув якунида талабаларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар берилди.

ШАВКАТ ТУРСУНОВ, Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan