ЖАМИЯТ

Янги уй қуришда огоҳ бўлинг

Иморат қуриш, янги машина ёки уст-бош харид қилиш, хуллас, бошқалардан бир қадам олдинда юришга интилиш инсонга хос одат. Албатта, буни ҳар доим ҳам ижобий баҳолай олмаймиз. Ортиқча орзу-ҳавас туфайли баъзи ҳолларда қонунни билмаслигимиз натижасида хатоликларга йўл қўйганимизни англамай қоламиз.

Ражаб Эргашев(исми фамилия ўзгартирилган) ҳам шундай фуқаролардан бири. Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи бу фуқаро кўп йиллардан бери янги уй қуришни мақсад қилиб юрар эди. Рўзғордан орттириб, йиғган маблағи иморат тиклашга етгулик бўлганида ишга киришди.

У олдиндан кўзлаб юрган ер майдонини янги уйи учун танлади. Қурувчиларни чақириб, уйнинг қурилиш режасини тузишди. Юк машиналарида қум, тупроқ ва бошқа қурилиш материаллари кела бошлади. Қарабсизки, ҳаш-паш дегунча уйнинг пойдевори тайёр бўлди. Агар кадаcтр агентлиги туман бўлими ходимлари келмаганида, балки уй ҳам тайёр бўлар эди.

Ўрганишлар натижасида Ражабнинг ҳеч қандай ерга эгалик ҳуқуқи йўқлиги аниқланиб, ўзбошимчалик билан бошлаган қурилиши тўхтатилди. Дастлаб, кадаcтр агентлиги туман бўлими ходимлари Ражабни белгиланган муддатда пойдеворни бузиш ва қолган қурилиш материалларини олиб чиқиб кетиш бўйича огоҳлантирди.

Белгиланган муддат ўтди ҳамки, Ражаб яхшигина маблағ сарфлаганиданми пойдеворни бузгиси келмади. Масала жиддийлашгач, ишга охирги нуқтани суд қарори қўйди.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди томонидан Жарқўрғон туманида ўтказилган сайёр мажлисида жавобгар Ражаб Эргашев туманнинг “Кунчиқиш” қишлоқ хўжалиги ер харитасининг 214-қисмида жойлашган 0,0175 га ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаган, деб топилди. Суд қарорига кўра, жавобгар томонидан қурилган пойдеворни бузиш ва ер майдонини олдинги ҳолатига келтириш белгиланди.

Аслида ҳам фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига келиб тушаётган мурожаатларнинг кўпчилигини ерга ноқонуний эгалик қилиш масаласи ташкил этмоқда. Бундан кўринадики, аҳоли ўртасида ҳали ҳам ер билан боғлиқ муносабатларда билиб-билмай қонунни четлаб ўтиш ҳолатлари учраб турибди.

Бундай ҳолатларнинг такрорланиши эса ҳар қандай кишининг дилини хира этади. Ақл-у ҳуши жойида бўлган инсоннинг ёш болаларча иш тутиши салбий ҳол албатта. Яхши ният билан иморат барпо этишдан олдин ҳудудий ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ҳамда туман ёки шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилиш, турар жой учун ажратилган ер майдони билан танишиш ва танланган жойни ауционда ютиб олиш лозим. Шундагина ер майдонининг қонуний эгасига айланасиз.

Нилуфар Тўраева, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan