ЖАМИЯТ

Ободлик сари қўйилган қадамлар

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан республикамизнинг барча вилоятларида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ана шундай манзиллардан бири Андижон вилоятидир. Дастурга вилоятнинг 5 та маҳалласи – Избоскан туманидаги “Гулистон”, Балиқчидаги “Ҳалфа чек”, Жалақудуқдаги “Қутлуғ”, Бўстондаги “Меҳнатобод” ва Қўрғонтепадаги “Қизил тўқай” маҳаллалари киритилган.

Бугунги кунда танлаб олинган маҳаллаларда 14 183 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Ушбу манзилларда “хонадонбай” хатловлар ўтказилиб, ҳудудлар кесимида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва ишлар бошлаб юборилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида танлаб олинган ҳудудларда жами 23 та кўча ободонлаштирилди.

Хусусан, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 376 дона эски симёғочлар янги темир-бетон устунларга алмаштирилди, 9 та ТП пунктлари капитал таьмирланди ва 6 та янги ТП ўрнатилди, 11 км узунликдаги СИП кабеллар тортилди.

Маҳаллалардаги ички йўлларнинг жами 7,9 км қисмига асфальт ётқизилди ва 7,6 км узунликдаги қисми шағаллаштирилди, 2 км масофада пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Ҳудудлардан ўтувчи жами 47,8 км узунликдаги ариқлар, зовурлар ва коллекторлар тозаланди.

Газ таъминотини яхшилаш мақсадида жами 2 та ГТП капитал таъмирланди ва 4 км газ қувурлари жорий таъмирланди. Шунингдек, 124 та ахоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.

Ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектларига жами 47,2 тонна ва аҳоли хонадонларига 178 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 30 км узунликдаги сув қувурлари тортилди, шу жумладан 2 дона сув иншооти ўрнатилди.

Маҳаллалардаги мавжуд 6 та қабристон тўлиқ тозаланди, мавжуд дарахтларга шакл берилиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Маҳалла биноси ва ижтимоий объектлардаги камчиликларни бартараф этиш йўналишида маҳалла бешлиги учун янги хизмат биносини қуриш ишлари бошланди. Ҳудудлардаги 1 та умумтаълим мактабида капитал таъмирлаш ишлари якунланди.

Аҳоли соғлиғини яхшилаш мақсадида 12 мингга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди шунингек, 275 та фуқарога бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди. Жами 78 нафар фуқаро вилоят ва туман соғлиқни сақлаш муассасаларида соғлиғи тикланди.

Ишлар давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan