ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Миллий гвардия ходими билан жанжаллашган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Аввалроқ Тошкент шаҳри Сергели туманида Миллий гвардия ходими ва чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаган фуқаро ўзаро жанжаллашгани ва қоидабузар шахс воқеа жойидан қочиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси қўшимча маълумотларни тақдим этди

Қайд этилишича, тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур ҳолатни содир этган шахс Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган 42 ёшли С.Ж. экани аниқланиб, қўлга олинган. 

Шундан сўнг ҳарбий хизматчига фаол қаршилик кўрсатиб, уни омма олдида обрўсизлантиргани ва ҳақорат қилгани учун С.Ж.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонуний баҳо бериш мақсадида тўпланган ҳужжатлар Сергели туман прокуратурасига юборилган. 

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гап шундаки, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Сергели туманида жойлашган “Сергели” деҳқон бозорида жамоат тартибини сақлаш учун жалб қилинган Миллий гвардия ходими белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқарони тўхтатиб, у билан тушунтириш ишларини олиб борган. 

Фуқаро эса ходимнинг қонуний талабларига бўйсунмай, унга фаол қаршилик кўрсатиб, омма эътиборини торта бошлаган. Ҳатто, кейинчалик “қўлингдан нима келади” дея жисмоний қаршилик ҳам кўрсатган, шундан сўнг, Миллий гвардия ходими ўзини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликни бартараф этиш мақсадида куч ишлатишга мажбур бўлган. 

Ҳолат воқеа жойидаги фуқаролар аралашуви билан бироз юмшатилгач, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс жавобгарликдан қочиш мақсадида ҳодиса жойидан кетиб қолган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan