СИЁСАТ

Араб ва Ислом делегацияси Хитойдан сўнг Россия, Европа ва АҚШга боради

Миср, Индонезия, Иордания, Нигерия, Фаластин, Саудия Арабистони ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибидан иборат Ғазо секторидаги вазият бўйича алоқа гуруҳи Яқин кунларда Россия, Британия, Франция ва АҚШга ташриф буюради. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 20 ноябрь куни Хитойда музокаралар олиб борган делегация бугун, 21 ноябрь куни Москвага ташриф буюради. Айни вақтда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Хитойдаги учрашувларда қатнаша олмаган, шунингдек, у Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга Жазоирга ташрифи чоғида ҳамроҳлик қилиши сабабли Россия Федерациясидаги музокараларда ҳам қатнашмайди.

Ғазо бўйича алоқа гуруҳи эртага, 22 ноябрь куни Лондон ва Парижга ташриф буюриши кутилмоқда, у ерда улар Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ва Франция Президенти Эммануэль Макрон томонидан қабул қилинади. Фидан бу учрашувларда иштирок этади. Кейинроқ делегация АҚШга йўл олади, бироқ сафар санаси маълум қилинмаган.

Таъкидланишича, алоқа гуруҳи Ар-Риёдда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг қўшма саммитида қабул қилинган қарорга мувофиқ тузилган. Делегация зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини узлуксиз етказиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Исроилга таъсири бўлган” давлатлари вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan