ДУНЁ

Фаластин диёрида юз бераётган даҳшатли воқеаларга томошабин бўлиб, жим қараб тура олмаймиз — Зироат Мирзиёева

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёва Туркия Республикасининг Биринчи хоними Эмине Эрдоғаннинг таклифига биноан 15 ноябрь куни «Фаластинда тинчлик учун биргаликда» саммитида иштирок этди.

Истанбул шаҳрида Эмине Эрдоған раислигида ўтган давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг йиғилишида Малайзия Маликаси Тунку Азиза, Бангладеш Биринчи хоними Ребекка Султон, Босния ва Герцеговина Биринчи хоними Сабина Комшич, Қатар Амирининг онаси Шайха Мўза бинт Носир ал-Миснид, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Мэй Микати, Покистон Бош вазирининг рафиқаси Садия Раҳматуллоҳ ва бошқа мамлакатларнинг юқори даражали вакиллари ҳам қатнашди.

Учрашув Ғазодаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларига чек қўйиш ва Фаластин-Исроил низосига ечим топиш йўлида қатъий бирдамликни намойиш этиш мақсадида ташкил этилди.

Истанбулдаги «Фаластин учун тинчлик сари биргаликда» саммитида нутқ сўзлар экан, Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева қуролли тўқнашувлар оқибатида барча қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирди. Ғазода бир ойдан ортиқ вақт давом этаётган,  минг-минглаб инсонлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар умрига зомин бўлаётган даҳшатли воқеаларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини қайд этди.

«Минг афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг кучли эътирози ва босимига қарамай, ҳалокат ва вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражада ортиб, унинг охири сира кўринмаяпти. Натижада қуролли тўқнашувларга минтақадаги янги кучларнинг тортилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда», – деди Ўзбекистоннинг Биринчи хоними.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan