ДУНЁ

АҚШ Гершковични БМТ даражасида ҳимоя қилмоқчи

АҚШ 40 га яқин давлат билан ҳаммуаллифликда “The Wall Street Journal” журналисти Эван Гершковичнинг Россияда жосусликда айбланиб, ҳибсга олиниши муносабати билан баёнот тайёрлади. Бу ҳақда бугун, 17 апрель куни нашрнинг ўзи хабар берди.

Айтилишича, Вашингтон ташаббусини қўллаб-қувватлаганлар орасида Европа давлатлари ва АҚШнинг бошқа иттифоқчилари, жумладан, Австралия, Канада, Исроил, Япония ва Жанубий Корея ҳам бор. Ҳужжатда Россия расмийлари сиёсий сабабларга кўра қамалганларни озод қилишга чақирилган.

Манбага кўра, БМТ расмийлари кеча, 17 апрелдаги баёнотни 3 май куни нишонланадиган Жаҳон матбуоти эркинлиги куни билан боғлаган. Улар журналистларга ўз вазифаларини бажаришга рухсат бериш “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактнинг бир қисми экани, бу пактни эса Россия ҳам имзолаганини таъкидлаган.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилднинг айтишича, баёнотни имзолаган давлатлар Россияни Эван Гершковични зудлик билан озод қилишга чақирмоқда.

“Ушбу баёнот аниқ хабар бўлсин: журналистика жиноят эмас”, деган Линда Томас-Гринфилд баёнот чиқарилишидан олдин.
Бошқа тарафдан, Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Вашингтоннинг Гершкович билан боғлиқ вазият атрофида шов-шув кўтариши АҚШга керакли натижага эришишга ёрдам бермаслигини айтган. У Россия қонунчилигини бузган АҚШ фуқароларига “махсус режим” қўллашни талаб қилиб, Россия ҳукумати ва судига босим ўтказишга бўлган ҳар қандай уринишлар маъносиз ва беҳуда эканлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Гершковични Америка томонининг кўрсатмаси асосида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганликда айблаб, ҳибсга олган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan