ДУНЁ

Сталиннинг собиқ дачаси аукционда 4 млн долларга сотилди

Подмоскове яқинидаги Иосиф Сталин 1930 йиллар бошида яшаган “Липки-Алексеевское” дачаси кимошди савдосида 403,49 миллион рублга (тахминан 4 миллион 334 минг доллар) сотилди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.

“Аукцион ғолиби Consulting аnd Law масъулияти чекланган жамияти. Таклиф этилаётган нарх — 403 490 000 рубль”, — дейилади давлат ва коммунал мулкни сотиш сайтида.

Лот 38,4 гектар ер участкаси ва умумий майдони 3,8 минг квадрат метр бўлган кўчмас мулк ижарасини ўз ичига олади. Ягона кўчмас мулк мажмуасига 2144,6 квадрат метр майдонга эга бўлган мулкнинг асосий уйи, 711,7 квадрат метр майдонга эга маъмурий бино, 686 квадрат метр сузиш ҳавзаси ва майдони 243,7 квадрат метр бомбапаноҳ киради.

Фото: “Дом.рф”

Consulting аnd Law МЧЖ Краснодар ўлкасида рўйхатга олинган. Лот учун яна бир даъвогар – Аlfa-Capital МЧЖни белгиланган вақт ва санада иштирок этиши учун депозит олингани тасдиқланмагани сабабли кимошди савдосига қўйиш рад этилган.

  • “Липки” мулки Вешки қишлоғида жойлашган. ХIX асрнинг охирида у савдогар Александр Алексеев томонидан қурилган, сўнг мажмуа миллийлаштирилган ва 1932 йилдан 1934 йилгача у ерда Иосиф Сталин доимий яшаган.
  • ХХ асрнинг охирида бинода саратон касаллигига чалинган болалар учун реабилитация маркази очилди. 2004 йил кузида мулк реконструкция учун ёпилди, аммо таъмирлаш ишлари тугатилмади. Бино ҳозир ташландиқ ҳолатда.


LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan