ДУНЁ САЛОМАТЛИК

Коронавирус: Қўрқувга ҳожат борми?

Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари дунёда коронавирус билан касалланганлар сони кескин ортди. Шу билан бирга, расмий равишда SARS-CoV-2 деб номланган вирус Хитой чегаралари ва ачинарли равишда «сузувчи Петри пиёласи» лақабини олган «Даймонд Принцесс» круиз кемасидан ташқарига чиқиб кетди. Бу ҳақда «Кун.уз» нашри хабар бермоқда.

Фото: Manuel Silvestri/Reuters

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда 78 мингга яқин киши коронавирус билан касалланган, улардан 2663 киши вафот этган. Бошқа ўнлаб мамлакатларда 2000дан ортиқ инфекцияга чалиниш ҳолати ва 37та ўлим ҳолати қайд этилган.

Зотилжам вируси келтириб чиқарувчи касаллик ҳолатлари ўтган ҳафта Жанубий Корея, Эрон ва Италияда авж олди, бу мамлакатларда сўнгги кунлар ичида ўнлаб кишилар вирус юқтириш оқибатида оламдан ўтди.

Душанба куни Ироқ, Афғонистон, Кувайт, Уммон ва Баҳрайн давлатлари вирус юқтириб олган илк беморлар ҳақида хабар беришган — бу ҳолатларнингнинг барчасида Эрондан келган фуқаролар касаллангани аниқланган. Баҳрайн расмийларининг маълум қилишича, коронавирус мактаб автобуси ҳайдовчисида топилган ва натижада бир нечта мактаблар ёпилди.

 

Kuwait City шаҳридаги ресторандаги аёллар (AFP Photo/YASSER AL-ZAYYAT)

 

  • Хитой коронавирус тарқалишини чеклаш мақсадида ҳар йилги парламент йиғилишини қолдирди;
  • Хитой ҳукумати ёввойи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилишни, шунингдек йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон турларини ов қилиш, ташиш ва улар савдосини тақиқлади. Маълумки, янги коронавирус эпидемияси Ухандаги ёввойи ҳайвонлар бозорида бошланган;
  • Душанба куни Хитойда 508та янги Covid-19 ҳолати, асосан, Уханда қайд этилди;
  • Эрон якшанба куни мамлакатда Covid-19’нинг 64 ҳолати аниқланганини тасдиқлади, уларнинг аксарияти дунё шиаларига диний билим берувчи Қум шаҳрида. Расмий маълумотларга кўра, 12 киши вафот этган. Душанба куни парламентнинг Қум шаҳридан бўлган депутати ҳукуматни эпидемия билан боғлиқ фактларни яширишда айблаб, у ерда касалликдан аллақачон 50 киши вафот этганини айтди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу баёнотни дарҳол рад этди;
  • Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланганлар сони 893 кишига етди, мамлакатда 8 киши вирус қурбони бўлган
  • Шимолий Корея 380 нафар чет эл фуқаросини коронавирус таҳдиди остида карантинга олди;
  • Татаристонда, «Даймонд Принцесс» круиз кемасининг саккиз нафар йўловчиси Қозондаги касалхонага етказилганидан сўнг, ижтимоий тармоқлар коронавирус билан хасталанганлар ҳақидаги ташвишли хабарларга тўлиб кетди. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваҳима қўзғаш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтмоқда;
  • Италияда Ломбардия ва Венето провинцияларининг бир неча туманларида карантин жорий этилди. Бу мамлакатда 229 кишида вирус аниқланган, 5 киши вафот этган, 50 минг кишига кейинги икки ҳафта ичида ўз шаҳарларини рухсатсиз тарк этиш тақиқланади;
  • Жаҳон бозорида олтин нархи инвесторларнинг хавотирлари фонида етти йил ичидаги энг юқори даражага кўтарилди;
  • Dow Jones индекси Осиё ва Европадаги эпидемиялар ортидан Америка бозорларидаги савдо очилишида 3,4 фоизга қулади.

Шифокорлар коронавирус тарқалиши пандемия даражасига етгани ҳақида ишонч билан гапиришмоқда. Бу нимани англатади?

Ушбу сўз юнон тилидан келиб чиққан: «ҳамма» деган маънони англатувчи «пан» сўзи ва «демос» («одамлар»). Мутахассислар атамадан бир вақтнинг ўзида сайёрамизнинг турли қисмларига тарқаладиган касалликлар ҳолатларида фойдаланишади. Сўзнинг ўзи қўрқув уйғотмаслиги керак: у касаллик хавфини эмас, балки унинг тарқалиш даражасини белгилайди. Бу фақат юқумли касалликлар учун тегишли.

Оддий қилиб айтганда, касалликнинг мамлакат бўйлаб фаол ва назоратсиз тарқалиши — эпидемия; турли мамлакатлар ва қитъалар аро тарқалиши — пандемия.

Бугунги COVID-19 ёйилиши (янги коронавирус келтириб чиқарган касаллик шундай аталади) Буюк Британиядан Жанубий Кореяга қадар 30дан ортиқ давлатга таъсир кўрсатди ва ЖССТ ташкилоти яқингача фойдаланган пандемия таърифига мос келади.

Бироқ, ҳозирда ЖССТ расмий равишда «пандемия» атамасини қўлламаяпти.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейсус 24 февраль куни ўтказилган брифингда вирус пандемияга айланиши эҳтимоли мавжудлигини истисно қилмади. Унинг айтишича, айни вақтда вируснинг назорат остидан чиқиб кетган глобал тарқалиши, катта кўламдаги оғир касалланишлар ёки ундан кўп сондаги ўлимлар йўқ.

«Бу вирус пандемияга айланиши мумкинми? Шубҳасиз, мумкин. Биз ҳозирда пандемия босқичидамизми? Бизнинг баҳолашимизча, ҳозирча йўқ», деган у.

Ташкилот вакили Тарик Ясаревич ҳам ташкилотда бундай атама мавжуд эмаслигини айтиб ўтган.

«Аниқлаштириш учун, ЖССТ олти фазадан иборат — биринчи босқичдан (вируснинг ҳайвондан одамга юқиши ҳолати кузатилмаслиги) олтинчи босқичгача бўлган (пандемия) — эски тизимдан фойдаланмайди — кўпчилик 2009 йилдаги H1N1 тарқалишини эслаши мумкин», — дейди у. Аммо, унинг сўзларига кўра, кундалик ҳаётда «пандемия» атамаси одамдан одамга юқадиган янги патогеннинг тарқалишини англатади.

 

Миланда коронавирус авж олиши туфайли кўплаб тадбирлар бекор қилинган /Reuters

 

2009 йилда H1N1 вируси ёйилиши (халқ орасида «чўчқа гриппи» деб аталади) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти терминологиясидаги сўнгги пандемия бўлганди. Ўшандан бери ташкилот бу каби ҳолатларни «халқаро ҳолатдаги жамоат саломатлигига хавф» (Public Health Emergency of International Concern, PHEIC) деб эълон қилди.

Хитойнинг Ухан шаҳридан бошланган коронавируснинг сайёра бўйлаб тарқалишида PHEIC 2020 йил 30 январда эълон қилинди.

Пандемия миқёсидаги касалликларнинг тарқалиши инсониятга аллақачон маълум бўлган: машҳур «Қора ўлим» — XIV асрда Европани қамраб олган пандемик вабо ва XX аср бошларида бутун дунё бўйлаб 500 миллионга яқин одамга юққан «испанка», улардан 100 миллионга яқини вафот этган. XIX асрда ҳар тўртинчи европалик вафот этган сил касаллиги ва ҳозирги вақтда ОИВ тарқалишини ҳам пандемия деб аташ мумкин.

XXI асрда инсониятни атипик пневмония (SARS, 2003), парранда гриппи (2003), Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS, 2012), Эбола безгаги (2014-2015) ва Зика безгаги (2016) жуда қўрқитди. Замонавий касалликлар қурбонлари «испанка» ёки вабога қараганда камроқ. Аммо ёдга солиш керакки: «пандемия» сўзи ўлим даражаси эмас, балки тарқалиш миқёсини англатади.

Янги коронавирус учун вакцина ҳали ишлаб чиқилмаган. Шу билан бирга, мутахассисларнинг таъкидлашича, SARS-CoV-2’дан ўлим ҳолати ҳозирча одатий мавсумий грипп даражасидан ошмайди.

 

Коронавирусдан касалланиш ҳолатлари бутун дунё бўйлаб ошмоқда / GETTY IMAGES

 

Ушбу вирус билан боғлиқ вазият янада оғирлашишининг сабаби унинг ташувчиларида кўпинча бирор аломат йўқлиги ва ўзларининг касалликлари ҳақида хабардор эмасликларидир. Баъзи одамларда касаллик вирус юққанидан бир неча кун ўтгач ўзини намоён қилади. Айнан шу сабабли, юқтириш хавфи бўлганларнинг барчаси 14 кунгача карантинга юборилади.

Вирусга қарши курашда унинг тарқалишини иложи борича тезроқ чеклаш муҳим. Бунинг учун қўлларни яхшилаб ювиш ва одамлар билан яқин алоқада бўлмаслик тавсия этилади.

Англиялик шифокорлар ўз-ўзини изоляция қилишнинг фойдалари ҳақида гапиришади: Англиянинг бош тиббий маслаҳатчиси, профессор Крис Уиттининг Би-би-си радиосига айтишича, авж олишни кечиктириш ҳеч бўлмаганда вирусни ўрганиш ва вакцинани ишлаб чиқишда кўпроқ вақтга эга бўлиш учун керак.

Бундан ташқари, агар бирон касалликнинг олдини олишнинг иложи бўлмаса, бу ҳолат Миллий соғлиқни сақлаш хизмати катта юк остида бўладиган қишда эмас, балки ёзда кузатилгани яхшироқ.