СИЁСАТ

“Халқаро майдонда ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш инқирози кескин сезилмоқда” — Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашлари котибларига мурожаат йўллади

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши иштирокчиларига мурожаат йўллади. Давлат раҳбарининг мурожаат матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Ўзбекистон президенти ўз мурожаати аввалида Тошкент шаҳрига ташриф буюрган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари иккинчи йиғилишининг барча иштирокчиларини қутлади.

Давлат раҳбараи бугунги анжуман ташкилот кун тартибидаги ўта муҳим воқеалардан бири экани, чунки ваколатли идораларнинг хавфсизликка қарши замонавий таҳдидларни бартараф қилиш ва мамлакатларни барқарор тараққий эттириш йўлларини излаш бўйича ҳамкорликдаги ишлари алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Бундай форматдаги учрашув хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш ҳамда бугунги нотинч дунёдаги умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда жавоблар ишлаб чиқиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

“Ўтган йили Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи йиғилишида эришилган самарали натижаларни юқори баҳолаймиз.

Ишончим комилки, туркий тилли мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари даражасидаги кўп томонлама ҳамкорлик механизми Туркий давлатлар ташкилоти маконида хавфсизлик соҳасидаги мулоқотни мутлақо янги даражага олиб чиқади”, — дейди Шавкат Мирзиёев.

Президенет ушбу йиғилиш халқаро миқёсда мураккаб вазият ҳукм сураётган бир шароитда бўлиб ўтаётганини қайд этди. Бугунги кунда жаҳон прогноз қилиш қийин бўлган ва ҳатто олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқарадиган фундаментал ўзгаришларни бошидан кечирмоқда.

“Халқаро майдонда ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш инқирози кескин сезилмоқда. Глобал ва минтақавий хавфсизликка қарши таҳдидлар кучаймоқда ва янги хавф-хатарлар вужудга келмоқда.

Шу муносабат билан сизлар раҳбарлик қилаётган тузилма ва идораларга алоҳида масъулият юклатилмоқда. Сизлар иштирок этаётган йиғилиш кун тартиби жуда сермазмун, биргаликда қарорлар қабул қилишни ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритишни талаб этадиган муҳим масалалар сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Бугун сизлар терроризм, экстремизм ва ёшларнинг радикаллашуви, кибержиноятчилик, наркотик воситаларнинг тарқалиши, трансчегаравий жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши курашишда кучларни бирлаштириш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш билан боғлиқ бўлган кенг кўламдаги долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашасиз”, — дейди давлат раҳбари.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan