ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

“Қўл қўймасанг қамаласан дейишди”. “Док-1 Макс” судида сўз олган судланувчи терговда унга босим бўлганини айтмоқда

Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабабчи дея қаралаётган “Док-1 Макс” сиропи бўйича бошланган суд мажлисининг 4 октябр куни давом этган навбатдаги мажлисида сўз олган судланувчи тергов давомида берган кўрсатмаларини инкор этиб, сабабини унга босим бўлгани билан изоҳлади. Бу ҳақда судда иштирок этган “Дарё” мухбири хабар берди.

2023 йилнинг 4 октябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида “Док-1 Макс” машмашалари очиқлангунга қадар “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” директори ўринбосари лавозимида ишлаган судланувчи сўроқ қилинди. 

Суддаги кўрсатмалари давомида терговда берган маълумотларининг аксариятини, жумладан лаборатория қилиниши лозим бўлган дориларни сотиб, даромад қилган гуруҳ ҳақидаги маълумотларни инкор этган судланувчига савол берган судья “Терговда сизга тазйиқ ўтказилдими? Агар тазйиқ ўтказилган бўлса, маъмурий текширилади”, деди. 

Бунга жавоб берган судланувчи “Энди буни тазйиқми ёки нима деб тушунасизлар билмадим, сабаби менга бу нарсалар олдиндан кўрилган, тайёр дейишди”, деди. Шунда судья “бу гапларни сизга ким айтди”, деб сўради. Судланувчи “терговчи” дея жавоб қайтарди.

Хўп, кўрсатмаларингиз ёзма тарзда олдиндан ёзиб қўйилган бўлса, пушаймонлик аризангиз-чи? У ҳам олдиндан ёзиб қўйилган эканми? Пушаймонлик аризангизда ҳам бу ҳолатлар (дориларнинг сотилиб, даромад олингани ҳақидаги маълумот) бор. Бунга нима дейсиз. Пушаймонлик аризангизни ўзингиз ёзганмисиз, уни ёзиб беришмаганми?, дея сўради судья.   

“Ҳа пушаймонлик аризамни ўзим ёзганман. Орттириб қолинган дорилар бўйича келишув бўлмаган. Лекин дорилар орттириб қолинган”, деди судланувчи. 

Судланувчининг қўшимча қилишича, тергов давомида терговчи унга пушаймонлик аризасини ёзиш давомида уни қўрқитган. 

Сизга терговчи пушаймонлик аризасини мана бундай қилиб ёзасан деб қўрқитдими? Ёки ўзингиз ихтиёрий ёздингизми?, деб сўради судья. 

“Ўша ерда қўрқитиш ҳам бўлган. Бу нарсаларни тан олмасанг қамаласан дейишди”, деди судланувчи. 

Судья бунга жавобан судланувчига нафақат терговдаги кўрсатмасини инкор этаётганини, судда айтаётган гаплари ҳам бир-бирига тўғри келмаётганини айтиб, бунинг сабабини сўради. 

Суд тергови давомида судланувчи лаборатория қилиниши лозим бўлган дорилар орттириб қолинганини, сотилганини тан олди. Аммо бу ишлар олдиндан режалаштирилмаганини, келишув бўлмаганини билдирди. 

Бу дориларни ҳеч ким сўрамаган, рўйхати ҳам тузилмаган, — дея жавоб берди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan