ДУНЁ

Тоғли Қорабоғ “раҳбари” тан олинмаган республикани тугатиш ҳақидаги фармонга имзо чекди

Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йил 1 январдан тугатилади. Тан олинмаган республика президенти Самвел Шаҳраманян тегишли фармонни имзолади, деб хабар бермоқда Meduza.

“2024 йил 1 январгача унинг идоравий бўйсунишидаги барча давлат муассасалари ва ташкилотлари тугатилиб, Тоғли Қорабоғ республикаси (Артсах) ўз фаолиятини тўхтатсин”, — дейилади фармонда.

1991 йил 2-сентябрда Қорабоғ автоном вилояти ва Озарбайжон ССРга туташ ҳудудларнинг бир қисми чегараларида Тоғли Қорабоғ республикаси ташкил топгани эълон қилинганди. Республика БМТга аъзо бўлган бирорта давлат томонидан тан олинмаган. Озарбайжон Қорабоғ унинг ажралмас қисми эканини таъкидлаган, Арманистон эса тан олинмаган республикани қўллаб-қувватлаган. Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро 1991 йилдан бери тинмаган, балки бир неча бор қуролли тўқнашувлар ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетган (1992—1994 ва 2020 йилларда).

19-сентябр куни Озарбайжон Қорабоғда “Конституциявий тузумни тиклаш” мақсадида “маҳаллий антитеррор чоралари” ўтказилишини эълон қилди. 20-сентябрда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди – унинг шартларидан бири Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш ва арман ҳарбийларининг тан олинмаган республикадан тўлиқ чиқиб кетилиши бўлди.

Хабарларга кўра, Қорабоғ арманлари ва Озарбайжон расмийлари “реинтеграция, Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш” учун учрашган, бироқ келишувга эришмаган.

Ўн минглаб арманлар аллақачон Қорабоғни тарк этган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan