ЖАМИЯТ

Қизириқлик фермер фойдасига 350 миллион сўм қарздорлик ундирилди

Қизириқ туманида фаолият юритиб келаётган “Аманов Содиқжон” фермер хўжалиги раҳбари туманда фаолият юритиб келаётган кластер жамияти билан ўзаро шартнома асосида буюртмаларни ўз вақтида тўлиқ бажариб беради.

Бироқ,  кластер жамияти томонидан бажарилган ишлар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли мазкур масала  Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилиб, фермер хўжалиги фойдасига жами 350 миллион сўм қарз ундириш белгиланди.

Мазкур иш бўйича суднинг ижро ҳужжати Бюронинг Қизириқ туман бўлими иш юритувига жорий йилнинг июль ойида қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилди.

Қарздор жамият томонидан ихтиёрий муддат ичида қарздорлик тўлаб берилмаганлиги сабабли Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонуннинг тегишли моддаларига асосан кластер жамиятининг ҳисоб рақамларига банд солиниб, инкассо топшириқномалари юборилди.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор жамиятнинг жами барча турдаги мол-мулкларига тақиқ қўйилиб, ҳисоб рақамидан 350 миллион  сўм қарздорлик фермер хўжалиги фойдасига тўлиқ ундириб берилди.

Фермер хўжалиги раҳбари ушбу ундирилган пул маблағлари ишчиларнинг тўлаб берилмаган иш ҳақлари ва келгусидаги иш фаолиятини янада кенгайтириши учун замин яратишини таъкидлаб ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шунингдек, жорий йилда Қизириқ туманидаги мазкур кластер жамияти ҳисобидан Суд ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан фермер хўжаликлари, давлат фойдасига ҳамда бошқа жами 1 миллиард 700 миллион сўм қарздорлик ундириб олиниб, ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланган.

Сардор Жўраев, Бюронинг вилоят бошқармаси инспектори.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan