ЖАМИЯТ

ФЕРАМОН ТУТҚИЧЛАР ҚАЙ ДАРАЖАДА САМАРАЛИ?

Бугунги кунда фермер, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ҳар бир киши билимдон бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Ҳосилдорликдан катта даромад олишни мақсад килган киши борки, соҳага оид билимларни обдон ўрганиши зарур. Чунки, кичик бир эътиборсизлик, катта иқтисодий зарарларга йўл очиши хеч гап эмас.

Маълумки, зараркунандалар ва бегона ўтлар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва етиштирилган маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатувчи унсурлардан ҳисобланади. Шу боис карантин назоратидаги маҳсулотларни етиштирувчи, тайёрловчи, реализация қилувчи, қайта ишловчи, экспорт ёки импорт қилувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг омборхоналари ҳар ойда бир марта  ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат  инспекторлари томонидан карантин назоратидан ўтказилади. Карантиндаги ёки зарарли бегона объектлар аниқланганда маҳсулотлар тозаланади, чиқиндилар эса ёқиб юборилади.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошкармаси давлат  инспекторлари хам давр талабидан келиб чикиб  қишлоқ хўжалиги майдонларида  фитосанитар дала назоратлари ўтказишмокда. Боғлар ва экинзорлар, ахоли томаркалари  мавсумий равишда назорат қилиб бориляпти. Уларга керакли тавсия ва тушунчалар бериляпти.  Ўсимлик ва мевали дарахтларнинг карантин ости касалликлари билан зарарланганлик даражаси аниқланади. Зарарланиш аниқланган тақдирда зудлик билан далолатномалар тузилмокда.

Бугунги кунда Феромон туткичлардан фойдаланишда ҳам яхши натижаларга эришилаётир. Маълумки, Ферамон   ҳашаротлар ҳаракатини бошқаришда самарали восита ҳисобланади.

Куни-кеча вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси, Денов, Сариосиё, Узун, Олтинсой туманларидаги боғдорчилик, узумчилик фермер хўжаликлари, биолабораториялар, ўсимликлар клиникалари раҳбар ва масъул ходимлари бошқарманинг туманлардаги бўлимлари давлат инспекторлари иштирокида Денов тумани Амир  Темур массиви ҳудудидаги Беҳрузбек фермер хўжалигининг 5 гектар мевали боғзори ва шу туманнинг Ш.Рашидов ҳудудидаги Хабибуллоҳ фермер хўжалигининг 4 гектар узумзор майдонида феромон тутқичлар, улардан фойдаланиш ва хусусиятлари, биологик кураш самаралари  юзасидан ўқув амалий семенари ташкил этилди.

Таъкидлаш муҳимки, ҳозирда тутқичларда олма мевахўри, шарқ мевахўри, гилос пашшаси, калифорния қалқондори, шингил барг ўровчиси, тенгсиз ипак қурти, комсток қурти, тут парвонаси, анор мевахўри, помидор куяси, картошка куяси, ғўза тунлам, кузги тунлам, цитрус оққаноти, цитрус ғовакловчи куяси, қовун пашшаси, омбор куяси каби зараркунандаларни тутувчи феромонлар  мавжуд.

Феромон тутқичлар ҳашаротларни назорати учун агросаноатда 4-5 гектар майдонга 1 дона, илмий изланишларда 100 м2  майдонга 1 дона қўйилади.  Бу эса, пестицид қўлланишини камида 50 фоизга камайтириб, ҳосилнинг қарийб 65 фоизини зараркунандалардан нобуд бўлиши олдини олади. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали бўлиб, камроқ пестицид қўлланиши ҳисобига пулни тежайди. Муҳими, соф ва экспортбоп маҳсулот етиштиришда ёрдам беради. Табиат мувозанатини сақлайди. Ўтказилган семинарларда айнан ферамон тутқичларнинг самараси ҳақида сўз борди. Мутахассислар маслаҳати тингланди. Хўжалик раҳбарлари ва аграномлари ўзларини қизиқтирган  саволларига жавоб олдилар.

Сурхон вохасига серқуёш ўлка, деган таъриф бекорга берилмаган. Диёримиз тупроғининг ҳар қаричи олтинга тенг. Мана  шундай имкониятлардан самарали фойдалана билишимиз керак.   Зеро, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилаётир. Меҳнатни канда қилмай, ер билан тил топишган одам чинакам даромад манбаига эга бўлади.  Мехнат қилган киши борки, албатта роҳатини куради.

Даврон Мирзакулов, вилоят  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи

Бахтиёр Тошбоев, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan