ЖАМИЯТ

Ангорда алиментдан қарздор ота 1 йилга қамалди

Фарзандлари олдидаги масъулиятини унутган бемеҳр оталар иштирокида Ангор туманида сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди.

Уларда суд қароридан бўйин товлаб фарзандлари олдидаги бурчини унутган оталар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
Дастлаб, ЖИБ Ангор туман суди томонидан алимент қарзларини тўламагани учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан судланаётган 3 нафар фуқароларга нисбатан тегишли жиноят иши кўриб чиқилди.

Жумладан, Ў.Жўраевдан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 18.02.2014 йилдаги буйруғига асосан, вояга етмаган 3 (уч) нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Ў.Жўраев бурчини ўз вақтида бажармаганлиги сабабли Ангор туман маъмурий суди томонидан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилганлигидан ўзига тўғри хулоса чиқармай, 17 миллион 114 минг сўм алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шундан сўнг, туман маъмурий суди томонидан алимент пулларини ўз вақтида тўламаган 13 нафар оталарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, сайёр суд давомида Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими иш юритувида бўлган 2 нафар оиланинг ижро ҳужжатлари ҳаракатдан тўхтатилди. Сабаби, мазкур оилалар сайёр судда иштирок этган кенг жамоатчиликнинг тушунтириш тарғибот ишлари натижасида ўз хоҳишларига кўра ярашишди.

Фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмаган бу каби ота-оналарнинг ярашиш қарорлари жамият мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.