ЖАМИЯТ

Қумқўрғон туманида мактаблар муаммоси

Сурхондарё вилоятида 493 минг нафар ўғил-қиз 921 та умумтаълим, шунингдек, мусиқа, санъат ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида таҳсил олмоқда. Ўқувчиларга 42 минг нафар ўқитувчи сабоқ бераётир. Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга таяниб, гўёки соҳада ҳеч қандай муаммо йўқ экан-да, деб ўйлаб қоласан киши. Аммо вилоятдаги айрим мактабларнинг ҳолатини кўриб, наҳотки булар ХХI аср мактаблари бўлса деб, таажжубланасан ҳам…

Муаммоларга чора борми?

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Қумқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби биносининг пойдевори йўқ.
– Бунинг ҳечам таажжубланарли жойи йўқ, – ­дейди мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ­Ш.Холбоева. – Синфхонамиз 1-қаватда жойлашган. Ёғингарчилик вақтида томдан сув ўтарди. Яқинда том қисми қайтадан ёпилди. Аммо барибир асосий муаммо ҳал бўлгани йўқ. Деразаларга плёнка қоплаб қўйганмиз. Чунки синф­хоналар исимайди. Эшиклар эски. Ўқув қўлланмалари етарли эмас.
Ҳамкасбининг сўзларини эшитиб турган жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Шокир Бердиновнинг ҳасратидан ҳам чанг чиқади.
– Мактабимиз 60 йил аввал қурилган, – дейди у. – Шунча вақтдан буён спорт залимиз йўқ. Фаоллар зали сифатида қурилган, бўйи 18, эни 7 метрлик хонани спорт залига мослаштириб олганмиз. Очиғи, уни спорт зали, ­дейишга тил бормайди. Деворлари ёрилиб, авария ҳолатига келиб қолган. Очиғи, бу ерда дарс ўтиш ҳам хавфли. Спорт жиҳозлари деярли йўқ. Борларини ҳам ўзимиз олиб келганмиз. Волейбол, футбол тўрлари улама ёки қирқ ямоқ бўлиб кетган. Мана бу титилиб кетган кураш гилами, айтишларича,1990 йили олинган.
Жонкуяр муаллимларнинг фикр-мулоҳазаларига изоҳ талаб қилиб, мактаб директори Насиба Мустафоқуловага юзландик.

– Асосий биномиз ростдан ҳам пойдеворсиз қурилган, – деди у. – Доимий равишда мактаб педагогик жамоаси ва саховатли ота-оналар ёрдамида баҳоли қудрат таъмирлаб келинади. Бинонинг бугунги ҳолатидан хавотирланиб, 2019 йилнинг ноябрь, декабрь ойларида 1-5 синф­ларда ўқиётган 304 нафар ўқувчини Қумқўрғон ­қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносида ўқитишга мажбур бўлдик. Бундан хабар топган туман халқ таълими бўлими мудири Баҳром Ҳакимов мени чақириб, «Ўқувчилар катта йўлдан юришга мажбур бўлишмоқда. Бирон кор-ҳол бўлмасдан, тезда уларни мактабга қайтаринг! Ҳайдовчилар катта тезликда шошиб юришади», деди. Янги йилги таътилдан кейин ўқувчиларни мактабга қайтардим. Энди эса хавотирдаман. Мактабнинг ҳолати бўйича кўп жойга мурожаат қилдим. Дастлаб, Сурхондарё вилояти Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи Б.Назаров имзоси билан тасдиқланган 906-сонли техник хулосани олдим. Унда: «Техник кўрикдан ўтказилган Қумқўрғон тумани «Улуғбек» МФЙда жойлашган 1-сонли мактаб ­­­(А, Б, В ва Г) блок биноларининг техник ҳолати қурилиши меъёрлари ва қоидалари, шу жумладан, КМК 2.01.03-96 «Замонавий ҳудудларда қурилиш ва КМК 2.01.02.04 меъёрий ҳужжатлари талабларига жавоб бермайди», дейилган. Мана, мактаб ҳолатига берилган баҳо.
Сурхондарё вилояти ҳокимидан ёрдам сўраб қилган мурожаатимга ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Холмамат Самадовдан «Аризада кўрсатган важларингиз ўринли, Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги «Замонавий мактаб»ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тасдиқланганлиги сабаб, ушбу мактабнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари келгуси йилларда Халқаро кредит ­маблағлари ҳисобидан амалга ошириш бўйича таклиф берилиши тўғрисида сизга тушунтирилган,» деган жавобни олдим. Қолган мурожаатларимнинг барчасига ҳам шу жавоб берилди. Ўйлаб қолдим. Нега масъуллар эмас, айнан қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар мактаб масаласига доир мурожаатга жавоб берди?..

«Оғзингни очмай юр, акс ҳолда…»

Қумқўрғон туманидаги 51-умумтаълим мактаби директори Йўлдош Зиёевнинг ҳасратлари ҳаммасидан ошиб тушди.
– Мактабимизда 869 нафар ўқувчи ўқийди, – дейди у. – Очиғи, яна 10 та синфхона жуда зарур. Физика, кимё-биология фанлари учун махсус лаборатория хоналари, асбоб-ускуналар, фаоллар зали йўқ. Тўгарак машғулотларини ўтишимиз учун шароит умуман етарли эмас. Мусиқа, чизмачилик, тасвирий санъат каби фанлардан олий маълумотли ўқитувчилар йўқ. Инглиз тили, она тили фанларидан ўқитувчилар етишмайди. Қумқўрғон тумани ҳокимининг 2018 йил 2 ноябрдаги Қ-2987 қарорига асосан, мактабимиз биноларини капитал таъмирлаш ва филиалимизга 120 ўринли ўқув биносининг қурилиши учун қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувли экин майдонидан 1,2 гектар ер майдони ажратиш лозим эди. Лекин ҳеч бир силжиш йўқ. Туман ХТБ масъул ходими Ўктам Темиров «Оғзингни очмай юр, акс ҳолда… Муаммоингни мудирга айтдим. Мен навбатга қўйдим, ҳоким билмай қарорга имзо қўйиб юборган», деди. Мактабимизда водопровод қувури йўқ. Қўлбола ҳовузга 100 минг сўмдан сув олиб келтиравериб чарчадим. Болаларга уйдан қайнатилган сув олиб келишни қайта-қайта эслатиб тураман.

«Иложини тополмаяпман…»

Қумқўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири Баҳром Ҳакимов ушбу ҳолатларга қуйидагича муносабат билдирди:
— Очиғи, бу мактабимиз ёмон эмас. Тўғри, қурилганига узоқ йиллар бўлган. Бу каби мактабларимиз битта эмас, бир нечта. Айни вақтда 1-умумтаълим мактабини янгидан қуришнинг умуман иложи йўқ. Давлат дастурига туширишнинг иложини ҳам, йўлини ҳам тополмаяпман. Маҳаллий бюджетда бунақанги катта маблағ йўқ. Лекин қараб ҳам турганимиз йўқ. Мактаб томини янгиладик…

Бир ёни қулади, қолганини термит кемирмоқда

Навбатдаги сафаримиз Узун туманидаги «Мустақиллик» маҳалласи ҳудудида жойлашган 53-умумтаълим мактабига бўлди. Мактаб директори Музаффар Абдушукуров туман марказига муҳим иш билан кетган экан. Ўзини мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари деб таништирган Чори Сайфиддинов куйиниб шундай деди:
– Мактабимизнинг асосий ўқув биноси 2004 йилда ҳашар йўли билан қурилган, пойдевори йўқ. Бу ердан 6-7 километр узоқликдаги Арғамчи қишлоғида мактаб филиа­­ли бўлиб, уни қишлоқ кайвониси Шаҳарой момо ўз маблағи ҳисобидан қурган. Бугунги кунда ҳар иккала ўқув биноси авария ҳолатида. Асосий ўқув биномизнинг рўпарасида кутубхона, омборхона жойлашган. Бу бинонинг бир томони кеча ёққан қор ва ёмғирдан сўнг нураб тушди. Ўқув биноларимизнинг полидан тортиб, деворигача термит кемириб бораётганини яқинда туман ҳокими Баҳром Турсунов ҳам келиб кўрди, ёрдам беришга ваъда берди. Мактабимизда мутахассис ўқитувчилар етишмайди. Филиалимизда эса 80-85 фоиз ўқитувчилар ўрта махсус маълумотли, аксарияти номутахассис.

Мактаб ҳовлиси – спорт майдони

Узун туманидаги «Маданий турмуш» маҳалласи ҳудудида жойлашган 30-умумтаълим мактабида ҳам шундай аҳвол.
– Қарийб 2 йилдан буён спорт формасида дарс ўтолмаяпман, – дейди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Баҳриддин Тўрахонов. – Чунки 2006 йилда қурилган мактабнинг спорт зали яроқсиз ҳолга келиб қолгани боис, вилоят «Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси» томонидан ёпиш ҳақида техник хулоса берилган. Шу сабабли ўқувчилар мактаб ҳовлисида волейбол, футбол ўйнашади. Шароит, спорт жиҳозлари, ҳаттоки оддий футбол тўпи ҳам йўқ.
– Мактабимиздаги 18 та синфхонанинг поли бетон, усти линолеум билан қопланган, – дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Мусурмон Мустафоқулов. – Бироқ у ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган, зах ўтади. Доска, парта, стол-стул етишмайди. Физика, кимё-биология фанларидан лаборатория жиҳозлари мутлақо йўқ. Дарсларни амаллаб ўтаяпмиз. Қолаверса, биология, инглиз тили, физика фанларидан ўқитувчилар етишмайди.

Мактаб кичик, аммо…

Шўрчи туманидаги «Эзгулик» маҳалласи ҳудудидаги 13-умумтаълим мактаби филиалининг биноси кичик бўлгани билан муаммолари анча экан. Ушбу филиалда ўзини Баҳодир Шафоатов деб таништирган ўқитувчи барча фанларни ўзи ўтар экан.
– Филиалимиз қиш ойларида умуман иситилмайди, – дейди у. – Пол бетон, зах. Ўқувчилар кўп касал бўлишади. Бир неча йилдан бери филиалга кираверишдаги йўл ёқасида чиқиндилар уюлиб ётади. «Тоза ҳудуд» деган идоранинг масъуллари қаёққа қарашади, ҳайронман. Иссиқ кунлар бошланди дегунча, чиқиндиларнинг қўланса ҳиди дарс ўтишимизга халақит бера бошлайди.

Таҳлил нимани кўрсатмоқда?

Кўрган ва кузатганларимизни Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармасига айтдик. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Илҳом Кенжаевнинг изоҳи қуйидагича бўлди:
– Жорий йилда 27 та умумтаълим мактабини рекон­с­трукция, 10 та умумтаълим мактабини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Мутахассис ўқитувчиларнинг етишмаслиги оғир муаммо. Лаборатория жиҳозларига келсак, ҳақиқатан ҳам кимё фани бўйича 352 та, биология фани бўйича 348 та, физика фани бўйича 259 та умумтаълим мактабида лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналар мутлақо йўқлигини вазир ҳам яхши билади. Бу ҳол учун биз айбдор эмасмиз.
Сурхондарё вилояти халқ таълими бош­қармасидан олинган статистик маълумотларни бир-бир таҳлил қилиб, ҳали вилоятда таълим-тарбия соҳасида талайгина бўшлиқлар мавжудлигига амин бўлдик. Жумладан, айни вақтда вилоятда 304 нафар ўқитувчига эҳтиёж бор. 2018 ва 2019 йиллар ҳисобидан 1652 дона дарслик етишмайди. Таъмирга муҳтож мактаблар сони – 207 та. Иқтисод ва солиқ алифбоси, меҳнат, тасвирий санъат, жисмоний тарбия дарсликлари деярли йўқ. Қарийб 309 та мактаб ичимлик суви билан таъминланмаган. Профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар – 161 нафар. Ўтган йили 48 нафар ўқувчи ушбу рўйхатга қўшилган. Ўз жонига қасд қилганлар сони 2017 йилда 17, 2018 йилда 30, ўтган йили эса 21 нафарни ташкил этган. Бултур Термиз шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси эрта турмуш қуриши натижасида фарзанд кўрган…
Энг ажабланарлиси, вилоят халқ таълими бошқармаси тақдим қилган маълумотларда авария ҳолатидаги мактаб­лар мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилган. Биргина Узун ва Қумқўрғон туманидаги мактаблар мисолида кўрганларимиздан хулоса қилиш мумкинки, вилоятдаги ҳақиқий аҳвол мутасаддилар томонидан беркитилмоқда…

Рустам ДАВЛАТОВ

Ishonch.uz