СИЁСАТ

Путин Қорабоғдаги вазиятда бу сафар кимни қўллаши маълум бўлди

Россия Қорабоғдаги қуролли тўқнашувларга “Озарбайжон ўз ҳудудида операция ўтказмоқда” деб қарайди. Чунки Арманистон 1991 йил чегаралари доирасида Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олган. Бу ҳақда журналистларга Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди. 

“Де-юре, ҳозир гап Озарбайжон Республикасининг ўз ҳудудидаги ҳаракатлари ҳақида бормоқда”, дейди Кремль вакили.  

Унинг эслатишича, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 1991 йилда Озарбайжон чегаралари тан олинишини эълон қилган.  

“Бу Арманистон томони Қорабоғни Озарбайжон ҳудудининг ажралмас қисми, Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олганини англатади”, дейди Песков. 

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Россия Қорабоғдаги тинчликпарвар кучларнинг фаолияти учун танбеҳларни қабул қилмайди, бу айбловлар асоссиз. 

“Бизга қарши бундай айбловлар мутлақо асоссиз. Улар ҳеч нарсага асосланмаган. Шунга қарамай, биз арман томони билан алоқаларимизни давом эттирмоқдамиз. Арманистон бизнинг жуда муҳим иттифоқчимиз, ҳамкоримиз, бизга яқин давлат бўлган ва шундай бўлиб қолади. Биз Озарбайжон билан ҳам алоқаларни давом эттирмоқдамиз, у ҳам бизнинг жуда муҳим ҳамкоримиз. Қорабоғдаги арманлар билан алоқаларимизни давом эттирмоқдамиз”, дейди у Арманистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Арман Григоряннинг Россия тинчликпарвар кучлари ўз мажбуриятларини бажармаётгани ҳақидаги сўзларига изоҳ берар экан.

Унинг билдиришича, Москва Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасидаги телефон мулоқоти вақти бўйича келишувни кутмоқда. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан алоқалар ҳозирча йўқ, лекин зарурат туғилганда амалга оширилади. 

“Президент Путин ва Бош вазир Пашинян ўртасидаги телефон мулоқоти вақти бўйича келишувни кутмоқдамиз. Бу суҳбат бўлиши биланоқ сизга хабар берамиз”, дейди Песков. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan