СИЁСАТ

Брюссел Киев учун 100 млрд евролик жамғарма бўйича келиша олмади

НАТО мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украинага 100 миллиард евролик бюджетга эга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича янги фонд яратиш бўйича қарор қабул қилмади, бироқ «якдил фикрга яқинлашди».

Шимолий Атлантика алянси ташқи ишлар вазирлари 3 апрел, чоршанба куни Брюсселда ташкилотнинг 75 йиллигига бағишланган икки кунлик учрашувга йиғилди ва Вашингтондаги юбилей саммитга тайёргарликни муҳокама қилди.

Учрашув байрам муносабати билан ўтганига қарамай, музокаралар асосий мавзуси Украинага Россияга қарши туришидаги ёрдам бўлди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг айтганидек, вазирлар «келгуси йилларда Украинага барқарор ва тахмин қилинадиган ҳарбий ёрдам учун кучли асос яратиш» ҳақида гаплашди.

Гап Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштириш учун беш йилга 100 миллиард евролик бюджет билан махсус фонд яратиш ҳақида кетяпти. 

Столтенбергнинг УҚК учун НАТО махсус жамғармаси ташаббуси

Вазирлар учрашуви арафасида бир қанча ОАВ шундай ташаббусни шахсан Столтенберг илгари сургани ҳақида хабар тарқатди. Таклифнинг мазмун-моҳияти алянсга аъзо 32 давлат ҳар бир мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмига мувофиқ НАТО умумий бюджетига бадал тўлаш тамойили бўйича Украинага ёрдам фондига молиявий ҳисса қўшишидан иборат. 

Бироқ журналистлар Столтенбергнинг ўзидан фонд ҳақида сўрамоқчи бўлганида, у ўз жавобларида жуда эҳтиёткор бўлиб чиқди ва ҳар қандай аниқ миқдор ёки тафсилотларни келтиришдан тийилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Украина Қуролли кучлари (УҚК) шошилинч эҳтиёжларга эга, шунинг учун иттифоқчилар «қўллаб-қувватлаш динамикасини ўзгартириши керак». 

«Биз Украинага узоқ муддатда ишончли ва тахмин қилинадиган ёрдам кўрсатишимиз керак. Ихтиёрий бадалларга камроқ ва кўпроқ НАТО мажбуриятларига, қисқа муддатли таклифларга камроқ ва кўп йиллик истиқболларга кўпроқ таянишимиз керак», – деди Столтенберг журналистларга.

НАТОнинг АҚШдаги саммитида Украинага ёрдам фонди тасдиқланади 

Якуний матбуот анжуманида Столтенберг Украинага 100 миллиард евро миқдорида ёрдам фондини яратиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаганини айтди. Шу билан бирга, бош котиб: «Биз консенсус томон кетмоқдамиз ва якуний қарор Вашингтонда қабул қилинади (июл ойидаги НАТО саммити давомида», деди.

Столтенберг «Рамштайн» ҳақида: Бизга барқарор ёрдам кафолати керак 

Брюсселдаги учрашув олдидан бир қатор оммавий ахборот воситалари НАТО УҚКни Доналд Трампнинг Америка президенти этиб сайланиши ёки бошқа иштирокчи мамлакатлардаги «сиёсий ўзгаришлар» хавфидан ҳимоя қилиш учун Украина мудофааси бўйича АҚШ бошчилигидаги «Рамштайн» алоқа гуруҳидаги мувофиқлаштириш ишларини ўз зиммасига олиши мумкинлигини ёзган эди.

Йенс Столтенберг «Рамштайн» формати ишини ва Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама ташаббусларни олқишлашини таъкидлади, бироқ «узоқ муддатли ва тахмин қилинадиган ёрдамни кафолатлаш учун кучлироқ асос яратиш зарурлигини» қўшимча қилди. 

Украинани қўллаб-қувватлашнинг янги форматини яратиш, дейди у, Шимолий Атлантика алянси урушга киришади, дегани эмас. «НАТО – мудофаа иттифоқи», деб таъкидлади бош котиб ва РФ бошлаган урушда Украина ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани, «Украинанинг дўстлари эса бу саъй-ҳаракатларда уни қўллаб-қувватлашга ҳақлилиги»ни қўшимча қилди. «Москва Украинадаги жанг майдонида ўз мақсадларига эриша олмаслигини тушуниши керак», деди Столтенберг.

Россия доимий равишда куч ва қуролларни тўплаяпти

Украина президенти Володимир Зеленский яқинда огоҳлантирган ҳолат – Россиянинг яқин ойлардаги ҳужуми истиқболларини баҳолар экан, НАТО бош котиби алянс РФ томонидан «доимий равишда кучлар ва қурол-яроғ тўпланишини кузатаётганини» таъкидлади.

«Шимолий Корея ва Эрон Россияни қурол-яроғ билан таъминламоқда, Москва ўз иқтисодини уруш майдонига айлантирди ва биз Кремл жанг майдонида устунликка эришиш учун катта нарх тўлашга тайёр эканини кўряпмиз, чунки Россияда инсон ҳаётига ҳурмат кам», – деди бош котиб. У бундай вазиятда иттифоқчилар Украинага ҳарбий ёрдам бериш тўғрисида тезда қарор қабул қилиши муҳимлигини қўшимча қилди. Столтенбергнинг сўзларига кўра, «АҚШ Конгресси ҳалигача Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришмагани» учун фронтдаги вазият украиналиклар учун мураккаблашди. 

Брюсселда Украина-НАТО кенгаши бўлиб ўтади 

4 апрел, пайшанба куни эрталаб НАТО штаб-квартирасида алянс ташкил этилганининг 75 йиллигини нишонлаш учун бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади. Юбилей тантаналари бир соат давом этади, шундан сўнг НАТО вазирлар йиғилишининг иккинчи куни дастури, хусусан, Украина-НАТО кенгаши йиғилиши бошланади. Унда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба иштирок этади. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan