ХАБАРЛАР

АҚШ президентининг ўғли Хантер Байден 25 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Президент Жо Байденнинг ўғли Хантерга 2018 йилда сотиб олинган ўқотар қуролларни ҳарид қилаётганда ёлғон кўрсатма берганликда учта айблов қўйилди, деб хабар бермоқда CNN.

АҚШ тарихида биринчи марта Адлия вазирлиги амалдаги президентнинг ўғлига айблов эълон қилди.

Айбловлар июль ойида Хантер Байденнинг дастлабки айблов келишуви муваффақиятсизликка учраганидан кейин қўйилган. Айбловлар Жо Байденнинг 2024 йилда АҚШ президенти лавозимига қайта сайланиш кампанияси ўртасида жиддий суд жараёнига олиб келиши мумкин.

Хантер Байденнинг ҳуқуқий муаммолари 2018 йил октябрда сотиб олган ўқотар қуроллардан келиб чиқди. Делавэрдаги қурол дўконидан револьвер сотиб олаётганда, у ҳеч қандай ноқонуний гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмагани ёки уларга қарам бўлмаганлигини айтиб, федерал бланкда ёлғон гапирган. Гарчи, аслида, сотиб олиш пайтида у кокаинга қарамлик билан курашган.

Ўқотар қурол сотиб олиш ёки унга эгалик қилиш учун бланкаларни тўлдиришда ёлғон баёнот бериш федерал жиноят ҳисобланади. Агар Хантер Байден айбдор деб топилса, 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Айни пайтда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аввалроқ президент Байденнинг ўғлининг бизнес фаолияти билан боғлиқ равишда импичмент жараёнини бошлаши мумкин бўлган тергов бошланганини эълон қилган эди.

CNN таъкидлашича, ўзи тўрт марта айбланган АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Хантер Байден ҳақидаги хабарни «қайғули вазият» деб атаган.

«Бу қайғули вазият, демоқчиманки, бундан ҳеч ким хурсанд бўлмаслиги керак», – деди Трамп.АҚШ

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan