TA'LIM Фойдали

Болаларнинг беғуборлигига соя солманг, устоз

…Куз фаслининг тўртинчи куни. Орзиқиб кутилган биринчи қўнғироқ садолари янгради. Йўқори синф ўқувчилари, айниқса, мактаб остонасига илк бор қадам қўйиб, зарур ўқув қуроллари билан бойитилган сумкани елкасига осган жажжи болажонларнинг қувончи, ҳаяжони чекиз. Олийгоҳни тамомлаб, илк бор устоз мақомига эга бўлган ўқитувчиларнингда қалбидаги ҳаяжон кўз қарашида намоён бўлмоқда. Уч ойлик меҳнат таътилидан қайтган устозларнинг ҳам кўзида қувонч.

Ҳувуллаб турган мактаб бинолари, ҳовлиси, ўзгача дид билан безатилган синфхоналар ўқувчиларнинг шодон кулгуси, устозларнинг меҳр тўла нигоҳи билан янада гўзалликка бурканди. Кимдир устозини излаган, яна биров дугонаси билан сўрашган, мактаб остонасига илк бор қадам қўйган қизалоқ онаси билан устози томон интилган. Хуллас ҳамма ўзи билан ўзи овора.

Хизмат туфайли тадбир бошланишидан бироз вақтлироқ борганим сабабли, атрофга зимдан разм соламан. Ўқувчиларнинг у ёқдан бу ёққа юриши, 1-синф болажонларининг югуришини томоша қилиш кишига завқ бағишлайди. Айниқса, мактабнинг безатилгани, синфхонадаги безакларнинг хона деразасиданда чиройли кўриниши, беихтиёр болаликка қайтиш иштиёқини уйғотади.

«…Менга қара, нега мактаб формасида келмадик. Бу нима юриш», – тахминан 2-3 синф ўқувчисини елкасидан ушлаганча, силтаётган устознинг хатти-ҳаракати диққатимни тортди. Қорачадан келган қизчанинг ерга қараб, тургани, устознинг мағрурона қараши, “Формасиз мактабга келиш мумкин эмаслигини билмайсанми? Мана бу ярми оқ, ярми сариқ кўйлагингни бошқа кийиб келганингни кўрмай” дея унга баландроқ гапирганини эшитиб, тўғриси бўғзимга нимадир тиқилгандай, оғир ютиндим. Эгнига оддийгина кўйлак кийган қизалоқ, оёғидаги оқ туфлисини боғичи ечилгани сабабли, уни тўғирлай-тўғирлай, дугоналари томон юрди.

Эҳ, устоз, узстоз. Уч ойлик меҳнат таътилидан қайтган кунингиз, ўзгача соғинч билан мактаб остонасига қадам қўйган ўқувчингизни бундай кайфиятда, муомалада кутиб олишингизни қай даражада тўғри деб ўйлайсиз?. Ўқувчингизни елкасидан тутиб, силташдан аввал унинг оиласи, ота-онаси билан бир бора суҳбатлашдингизми? Янги ўқув йилига тайёргарлик холати билан танишдингизми? Балки ота-онаси мактаб формасини сотиб олиш учун маблағ тополмагандир. Кўп фарзандли оила бўлгани учун рўзғоридан орттириб, мактаб формасини олишга иложи етмагандир. Балки, қўшнисининг нон олиши учун бор пулини бериб тургандир… Шу қизча, мураккаб ҳаётнинг зарбаларига учраб, бувисини ёки амма-холасини қўлида қолиб кетгандир. Ота-онаси топган маблағини рўзғордан ортириб, бугун форма олиб беришни ният қилгандир. Синфдошларини, устозларни, мактаб доскасини соғиниб, ўзгача қувонч билан келган ўқувчи сизнинг бу муносабатингиз, ўқув йилининг илк кунида кутиб олиш жараёнингиз унинг кўз ёшига, ғам андуҳига сабаб бўлишини наҳотки ўйламадингиз…. Балки…

“Менга қара, нега бунча молга ўхшаб югурасанлар, эшакмисан сенлар. Ҳурматингни билиб, қимирламай, бир жойда турсанг бўлмайдими…” э воҳҳҳҳ.

Маҳоратли устознинг бу сўзлари қалбим торларини чок-чокидан ситиб юборди. Биз таълим-тарбияни, муомала маданиятини ўрганадиган, унингдек бўлишга интиладиган ўқитувчининг гапирган гапи, гапириш оҳангги қалбни титратадия. Ўқув йилининг биринчи кунидан ўқувчилар шундай муносабатга муносибми?! Мактабда шўх-шодон куладиган, югуриб қувончинида намоён этадиган болалар ҳурматни устозидан ўрганиши мумкинлигини наҳотки сиз билмасангиз. Бола югуриши, қувноқ кулгуси ва мафтункор йиғисининг сўнгидаги хандон кулгуси туфайли ҳам болада. Аслида, болаликнинг беғуборлиги ҳам шундаку. Ҳозирдан болаларнинг беғуборлигига соя солишингиз, улардан ўзингиз билган нарсани талаб қилишингиз қай даражада тўғри?! Унинг ёши, фикрлаши сизникидан анча фарқ қилишини жуда яхши биласиз. Шундай экан, болаларнинг беғуборлигига соя солманг.

Нигина Шоева, журналист.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan