ЖАМИЯТ

Суд томонидан қарз ундириб берилди

Даъвогар  Б.А жавобгар С.Ага (исм шарифи ва жой номлари ўзгартирилган) нисбатан қарз ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, унга аввалдан таниш бўлган жавобгар С.А ундан 2022 йил 29 ноябрь куни 2 ойда қайтариш шарти билан 13.000.000 сўм қарз олганлигини, ушбу пулларни олганлиги ҳақида ўз қўли билан тилхат ёзиб берганлигини, лекин ҳозиргача ушбу пулни қайтармай сарсон қилаётганлиги сабабли жавобгардан 13.000.000 сўм миқдоридаги қарзни ва тўланган суд харажатларини ундириб беришни сўраган.

Мазкур даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик судда  кўрилиб,  даъво талаби қаноатлантирилди.

Аниқланишича, жавобгар С.А даъвогар Б.Адан 2022 йил 29 ноябрь куни 13.000.000 сўм қарз олган.

Бу ҳақида 2022 йил 29 ноябрь куни олган 13.000.000 сўм қарзини  2 ойда қайтариш шарти билан билан тилхат ёзиб берган.

Даъвогарнинг судда берган тушунтиришидан маълум бўлишича, даъвогар жавобгарга бир неча марта 13.000.000 сўм қарзини қайтариб беришни сўраб мурожаат этган бўлсада, жавобгар ҳанузгача қарзни қайтариб бермасдан келган.             

Шу сабабли даъвогар жавобгардан 13.000.000 сўм қарзини  ундириш учун судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 732-моддасида “Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлар билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бира йўла ёки бўлиб бўлиб, ўшанча суммадаги пулни  ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баробар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади” деб кўрсатилган.

Даъвогарнинг суддаги тушунтиришидан ҳамда фуқаролик ишида мавжуд бўлган тушунтириш хати ва ҳужжатлардан маълум бўлишича, жавобгар С.А даъвогар Б.Ага 13.000.000 сўм қарзини қайтариб бермасдан ўз мажбуриятини бажармаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасига кўра мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса – қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 236-моддасига асосан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 733-моддасига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 735-моддасига кўра қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда  тутилган муддатда ва  тартибда қарз  берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада  белгиланган бўлмаса, қарз олувчи  уни  қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Суд юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари ва мавжуд иш ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб,  жавобгар С.Адан даъвогар Б.Анинг фойдасига 13.000.000 сўм қарзни ундириш  ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Нилуфар Тўраева, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan